Жаҳон | 23:08 / 24.08.2020
7874
2 дақиқада ўқилади

Олимлар чексиз марта қайта ишланувчи пластмасса турини ишлаб чиқишди

Олимлар ишлаб чиққан янги пластик қиздириш йўли билан дастлабки хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда чексиз қайта ишланиши мумкин. Материал пластик контейнерлар, спорт анжомлари, автомобил эҳтиёт қисмлари, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотларни тайёрлашда қўлланиши мумкин.

Фото: hightech.plus

Пластикнинг янги тури АҚШнинг Колорадо штати университети лабораторияси бошчилигидаги олимлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. Бу ҳақда New Scientist нашри хабар берди

Янги материал бицилик тиолактонлар деб аталувчи кимёвий қурилиш блокларидан ташкил топган бўлиб, юқори бикирлик, мустаҳкамлик ва барқарорлик кўрсаткичларига эга.

Тадқиқот муаллифларидан бири Южин Ченнинг таъкидлашича, янги пластик кимёвий катализатор иштирокида 100 даража иссиққача қиздирилиб осон қайта ишланиши мумкин. Пластик юқори ҳарорат таъсирида бошланғич қурилиш болкларига парчаланиб, сўнгра ушбу блоклар яна шундай юқори сифатли материалга қайта бирлаштирилиши мумкин. 

Бироқ инновацион материалнинг камчилиги мавжуд.

“Асосий муаммо шундаки, ушбу пластикни қайта ишлаш учун чиқиндилар орасидаги бошқа турдаги пластиклардан ажратиб олиниши ва сўнгра қайта ишланиши лозим”, дейилган мақолада.

Олимлар ушбу камчиликни арзимас муаммо деб ҳисобламоқдалар, чунки ушбу пластик замонавий ишлаб чиқариш талаб этадиган барча хусусиятларга эга.

Уларнинг таъкидлашича, дунёда ҳар йил 300 млн тоннадан кўпроқ пластик ишлаб чиқарилади ва унинг оз қисми қайта ишланади. Қолган пластик чиқиндилар чиқиндихоналарга жўнатилади, ёқиб юборилади ёки атроф-муҳитга тушади.

Аввалроқ олимлар Атлантика океанининг 200 метргача чуқурликдаги юқори қатламларида 12-21 млн тонна палстик чиқиндилар сузиб юришини маълум қилишган.

Мавзуга оид