09:17 / 25.08.2020
7925

Байрут портида заҳарли моддалар сақланган 79 та контейнер топилди

Ливанлик ҳарбийлар 4 августда кучли портлаш содир бўлган Байрут портида атрофдагиларга хавф солиши мумкин бўлган кимёвий моддалар сақлаган 79 та контейнер топишди.

Фото: REUTERS/Abd Rabbo Ammar

Ливан армияси матбуот хизмати маълумотларига кўра, портда 14-22 август кунлари “атрофга сизиб чиқиши фалокатга олиб келиши мумкин бўлган” туз кислотаси сақланган 25 та ҳамда бошқа моддалар сақланган 54 та контейнер аниқланган. 

4 август Байрут портида шаҳардаги юзлаб биноларни вайрон қилган ва кўплаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган кучли портлашлар юз берганди. Портлаш оқибатида 170 дан кўпроқ одам вафот этган, 6 мингга яқин одам жароҳат олган. Портлашга 2014 йилда божхона хизматлари томонидан мусодара қилинган ва портдаги омборлардан бирида 6 йил давомида сақланган 2750 тонна аммиак селитраси сабаб бўлган. 

Ушбу ҳодиса тергови давомида портнинг 16 ходими ҳибсга олинган. Бундан ташқари, порт маъмурияти кенгаши ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамда омборда таъмирлаш ишларини олиб борганлар, жами 18 дан кўпроқ киши сўроқ қилинган.

Top