Жамият | 17:21 / 25.08.2020
25032
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда автобус ва юк машинаси тўқнашди, қурбонлар бор

ЙТҲ юзасидан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Жорий йилнинг 25 август куни соат 14:32ларда Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М39 “Термиз-Тошкент” автомобиль йўлининг 965-километрида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1983 йилда туғилган М.Р. ZHONGTONG BUS LCK6127HGN русумли автобусни бошқариб кетаётиб, ўзидан олдинда кетаётган ҳайдовчи, 1979 йилда туғилган Х.А. бошқарувидаги ISUZU русумли юк автомашинасининг чап ён томонига урилиб, ЙТҲ содир этган.

Натижада, ISUZU русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидаги бетон тўсиққа урилиши оқибатида ағдарилган. 

Ағдарилиш натижасида, ушбу автомашина ҳайдовчиси, 41 ёшли Х.А. ва автомашина салонида бўлган йўловчи 17 ёшли А.Н. оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

“Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид