10:13 / 27.08.2020
30954

Марғилонда икки нафар йигит ЙТҲда ҳалок бўлди

ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг 26 август куни соат соат 01:00 ларда Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Хиёбон кўчасидан ўтган кўприк устида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1998 йилда туғилган А.Р. “Кобальт” русумли автомобиль тезлигини меъёридан оширган ҳолда бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш жойида рул бошқарувини йўқотиб, ажратиб турувчи бордюр устидан ҳаракатланиб ўтиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган Ш.А. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, “Кобальт” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 22 ёшли А.Р. воқеа жойида ва йўловчиси, 22 ёшли М.Ғ. шифохонада вафот этишган. “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 34 ёшли Ш.А., йўловчилари 46 ёшли Х.М. ва 30 ёшли А.О. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан 26 август куни Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан йўлларда ҳаракатланганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Top