Ўзбекистон | 20:08 / 28.08.2020
1340
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлигида фуқаролик жамияти институтлари муаммолари муҳокама қилинди

Адлия вазири Руслан Давлетов ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва фаоллари билан учрашди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жамоатчилик эшитуви, мониторинги ва жамоатчилик экспертизасини ўтказиш нодавлат сектор орқали амалга оширилиши, бироқ амалиётда бу турдаги жамоатчилик назорати шакллари етарлича амалга оширилмаётганлиги қайд этилди.

Жамоат фондларига ажратилган маблағларни ишлатиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, бугунги кунда жамият хавотирига сабаб бўлаётган талон-торожликларнинг олдини олиш мақсадида умуман янги бўлган очиқлик стандартини жорий этиш лозимлиги вазирлик томонидан илгари сурилди.

Ушбу стандартда ҳомийлар ва учинчи шахслар маблағларини жалб қилувчи ва сарф қилувчи ҳар қандай давлат ёки нодавлат жамғармалари, нотижорат ташкилотлари ҳар бир ишлатилган маблағ бўйича жамият олдида аниқ, батафсил ва кенгайтирилган ҳисоботни даврий равишда бериб боришининг юқори талаблари белгиланиши лозим.

Тадбирда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фаолият камайганлиги, нодавлат сектор тизимидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти тўхтаб қолаётганлиги, ходимларнинг иш ҳақларини беришда муаммолар бўлаётганлиги, давлат грантлари, субсидия ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг харажатларига қўшилмаётганлиги каби муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раҳбари К. Абдуллаев ногиронлиги бўлган шахслар учун чет давлатдан олиб келинадиган инсонпарварлик юкларини расмийлаштиришда айрим муаммолар бўлаётганлигини, “Менга умр бахш эт” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Г. Искандарова эса болалар уйларининг 100 га яқин битирувчилари учун “Ёшлар маҳалласи” номли пилот лойиҳани амалга ошириш учун ер майдони ажратишда қийинчилик бўлаётганлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раҳбари О. Исаков Ўзбекистон президентининг 2019 йил 23 августдаги қарори билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун квоталар тақдим этиш белгиланган бўлсада, ушбу масала ҳалигача тўлиқ ўз ечимини Таъкидланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида уларни республика бўйича таҳлил қилиш ва ҳукуматга таклифлар киритиш, бу каби учрашувларни имкон қадар кўпроқ ўтказиб бориш, шунингдек ишчи гуруҳлар тузган ҳолда вазирлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари унификация қилиниб, ягона Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни якунланаётганлиги ва ушбу кодекс лойиҳаси нимаси билан муҳим ва аҳамиятли эканлигига тушунтириш берилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид