Жаҳон | 08:51 / 02.09.2020
11212
2 дақиқада ўқилади

Бразилиялик аёл рекорд узоқ вақт коронавирус билан касалланган

Бразилиялик аёл 5 ой давомида коронавирус ташувчиси бўлган. Бу ҳақда Рио-де-Жанейро федерал университети молекуляр вирусология лабораториясига таяниб O Globo нашри хабар берди.  

“Аёл касалликнинг ҳеч қандай аломатларини сезмаган, бироқ 152 кун давомида вирусни бошқаларга юқтира олган. Бу вируснинг организмда энг узоқ вақт қолишининг ҳужжатлаштирилган ҳолати ҳисобланади ва инфекциянинг аломатсиз кечиши пандемия тарқалишида қандай роль ўйнашини кўрсатади”, деб маълум қилинган хабарда.

Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш тизимида ишлаган аёлда коронавируснинг енгил аломатлари март ойида пайдо бўлган. У шифохонада даволанишга эҳтиёж сезмагани сабабли ўз уйида карантинда қолган. Аёл ўз ишига 5 ойдан кейингина қайта олган.

Лаборатория олиб борган тадқиқот давомида 3000 кишида молекуляр таҳлил ўтказилган. Улардан аксарияти ҳеч қандай симптомларни ҳис қилмаган, бироқ бир неча ҳафта давомида вирус ташувчиси бўлиб қолган.

Охирги маълумотларга кўра, Бразилияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари 3,9 млндан кўпроқни ташкил қилмоқда ва Лотин Америкаси давлати бу борада АҚШдан кейин 2-ўринни эгалламоқда. Мамлакатда, шунингдек, 121 мингдан кўпроқ киши инфекциядан вафот этган.

Мавзуга оид