Ўзбекистон | 17:02 / 04.09.2020
3024
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг қишлоқ хўжалигига доир лойиҳаси Ўзбекистонда ўтказилади

Ўзбекистонда БМТнинг Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда "Келажак авлод учун ақлли фермер хўжалиги" лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур лойиҳа 4 йилга мўлжалланган бўлиб, унда Ўзбекистондан ташқари, Вьетнам ҳам иштирок этади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 миллион АҚШ долларига тенг, деб хабар қилмоқда БМТ Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Ахборот хизмати. 

Бугун ташкилот ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида лойиҳавий битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Онлайн тадбирда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва FAOнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори ва Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуту иштирок этди. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда FAO иштирокида янги минтақавий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Хусусан, имзоланган шартномалар иссиқхона ва боғдорчиликка энг янги технологияларни жорий этиш, зараркунандаларга қарши курашни кучайтиришни назарда тутади. 

"Келажак авлод учун ақлли фермер хўжалиги" лойиҳаси 4 йилга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон ва Вьетнамда амалга оширилади. замонавий тизимни жорий этиш, ақлли ва барқарор ишлаб чиқаришни бошлаш, тарғиб қилиш, ўрим-йиғимдан кейин иссиқхона экинларини сотиш мақсад қилинган лойиҳа Корея Республикаси ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланади. Лойиҳа соҳа мутахассислари ва кичик ер эгалари учун илғор ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг юқори сифатли ва хавфсиз маркетингини ўрганиш имкониятини беради. Иссиқхона ва боғдорчиликда янги технологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорлик ва даромадни оширишга хизмат қилади.

"Чигирткаларга қарши курашишни самарали ташкил этиш" лойиҳасининг иккинчи босқичи Марказий Осиёнинг олти мамлакати – Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон томонидан тайёрланган бўлиб, Япониянинг Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) томонидан молиялаштирилади. 

Беш йилга мўлжалланган лойиҳа бюджети 7,3 миллион АҚШ долларига тенг. Уни амалга ошириш орқали барқарор минтақавий ҳамкорлик ва зараркунандаларга қарши самарали профилактика стратегиясини амалга ошириш ҳамда соҳадаги билим ва илғор тажрибаларни такомиллаштириш орқали Марказий Осиё мамлакатларини чигиртка каби зараркунандалардан холи ҳудудга айлаштиришга эришилади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид