Жамият | 19:15 / 06.09.2020
9737
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят ҳокимлиги Ургутдаги сув муаммоси борасида муносабат билдирди

Kun.uz'да бугун, 14:45 да «Ургутдаги икки қишлоқ можароси: нуронийлар ўзаро муроса йўлини қидиришлари керак эмасмиди?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Ургутдаги икки қишлоқнинг сув талашгани можароси ҳақида сўз борган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу борада ҳокимлик муносабатини эълон қилди.

«Азал-азалдан аҳоли зич жойлашган ҳудудларда ер ва сув масаласи долзарб муаммолар сирасига кирган. 513 мингдан ортиқ аҳоли яшовчи Ургут туманининг тоғли ҳудудларида ҳам шу каби масалалар баъзида кўзга кўриниб, баъзида аҳоли тортишувларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, «Камонгарон» ва «Вағашти» маҳаллаларида ҳам узоқ йилдан буён ичимлик суви тақсимоти билан боғлиқ муаммо маҳаллий аҳолининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Ушбу икки қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, тун-у кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида бугунги кунда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Бугун «Камонгарон» ва «Вағашти» маҳаллаларининг фаоллари билан ўтказилган учрашувларда шу мавзу атрофлича муҳокама этилди.

Эркинжон Турдимов бир ҳафта муддат ичида мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилишини маълум қилган ҳолда параллел равишда бугунги кунда аҳолини қийнаб келаётган сутка давомида 2-3 соат етказиб берилаётган тоза ичимлик суви масаласини яхшилаш, яъни 24 соат давомида сув таъминотини таъминлаш имконини берувчи сув тақсимлаш ҳамда тозалаш иншоотларини барпо этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Вилоят ҳокими лойиҳалар тузилишида ҳудуд аҳолисининг фикрлари, таклифлари ҳам ҳисобга олинаётганлигини қайд этди.

Тез фурсатда лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамфикрликда мақбул лойиҳа таклифини амалиётга тадбиқ этиш борасида ишлар бошланиши билдирилди. Вилоят ҳудудларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда», дейилади вилоят ҳокимлиги баёнотида.

Мавзуга оид