14:47 / 09.09.2020
24796

«1000та жўжа спектакли» вазир иштирокида муҳокама қилинди. Кўзбўямачилик иштирокчиларидан бири бўлган маҳалла раиси ишдан кетди

8 сентябрда Kun.uz'да «Паст Дарғомда «1000 та жўжа спектакли»: Бош ролларда прокурор ва ўғлини камбағал қилиб кўрсатган «маҳаллақўм» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Унда Пастдарғомдаги «Қўқони» маҳалласи раиси «темир дафтар»га киритилган оила деб ўз оиласини кўрсатгани ҳақида сўз борган.

Кеча, 8 сентябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов мақолада маълум қилинган кўзбўямачиликни ўрганиш учун Паст Дарғом тумани «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғинига борди.

Ушбу маҳаллада аҳоли вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда содир бўлган ҳолат ҳақида танқидий фикрлар билдириб ўтилди. Жумладан, «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсуновнинг маҳалладаги камбағал оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам намунаси сифатида ўз уйида боқилаётган 1000 дона жўжани ҳамда камбағал оила вакили сифатида ўз ўғли – Достон Тиркашевни кўрсатгани атрофлича ўрганилиб, муҳокама қилинган.

Шунингдек, учрашув давомида Раҳмат Маматовга «Қўқони» МФЙ вакиллар кенгаши ҳузурида ўтказилган йиғилиш тафсилотлари хусусида маълумот берилган. Маълум бўлишича, «Қўқони» МФЙ раиси Ҳусниддин Турсунов ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Учрашувда Пастдарғом тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Санақуловага ҳам йўл қўйган камчиликлари учун ҳайфсан берилган.

Мавзуга оид
Top