Ўзбекистон | 12:35 / 11.09.2020
6904
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири: Сардобага жами 1,5 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган

Фото: Рамиз Бахтияров

Жорий йил Бухоро вилоятида зарар кўрган аҳоли ва иқтисодий-инфратузилма объектларига 164 млрд сўм ҳамда «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 500 млрд сўм қўшимча маблағлар йўналтирилди. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов хабар берди. 

Вазирнинг айтишича, Сардобага жами 1,5 триллион сўм йўналтирилиш режалаштирилган.

2020 йил Давлат бюджети харажатлари 131,1 трлн сўм миқдорида, шундан, республика бюджети харажатлари 95,7 трлн сўм (73 фоиз) ҳамда маҳаллий бюджетлар харажатлари 35,4 трлн сўм (37 фоиз) миқдорида белгиланган.

«Коронавирус пандемиясининг тарқалиши, юртимизда карантин чораларининг кўлланилиши давлат бюджет харажатларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм миқдорида «Инқирозга қарши курашиш жамғармаси» ташкил этилди ҳамда 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида жамғармадан 5,3 трлн сўмлик харажатлар молиялаштирилди», дейди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, жамғарманинг 1 сентябрь ҳолатига харажатлари миқдори 9 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу маблағларнинг 2,2 трлн сўми коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга август ойининг ўзида 690 млрд сўм молиялаштирилиб, ушбу харажатларнинг 495 млрд сўми тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланди.

Вазир давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида жами 6,1 трлн сўм, шундан Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлар харажатларидан қарийб 1 трлн сўм мақбуллаштирилганини маълум қилди. 

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, Давлат бюджетининг 2020 йил 1-ярим йиллик харажатлари 64 трлн. 879 млрд. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 25,4 фоизни ташкил этди. Бу эса 1-ярим йиллик учун тасдиқланган режа кўрсаткичига (65,3 трлн сўм) нисбатан 99 фоизни ташкил этди», деди вазир.

Мавзуга оид