Жамият | 15:41 / 14.09.2020
4900
2 дақиқада ўқилади

Бу йилги апелляция жараёнлари октябрь ойи бошида бўлади - ДТМ

Ҳар йилгидек тест синовлари тўлиқ якунланиб, танлов эълон қилингандан сўнг абитуриентларнинг эътирозлари бўйича апелляция шикоятлари қабул қилинади. Бу йил бу аризаларни онлайн тарзда қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Бугун, 14 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабов апелляция жараёнлари бўйича маълумот берди.

Унинг қайд этишича, танлов тўлиқ якунлангандан сўнг абитуриент апелляция шикоятини онлайн шаклда юбориши мумкин бўлади. Аризаларни бир ҳафта мобайнида қабул қилиш таклифи ишлаб чиқилган.

«Апелляция жараёнлари октябрь ойининг бошларида бўлади. Ҳозирча экспертларнинг барчаси Давлат тест марказида бўлгани учун апелляция шикоятларини ҳам ташкилотнинг ўзида кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Апелляция жараёнини ота-оналар онлайн тарзда кузатиши мумкин. Лекин апелляцияга абитуриентнинг фақат ўзи киритилади. Яна битта нарсани инобатга олиш керак: апелляция шикоятини ёзган абитуриентдан қайта имтиҳон олинмайди. Уларнинг ишлаган саволлари бўйича шикоятлари кўриб чиқилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, абитуриент апелляцияга белгиланган кунда паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши талаб этилади.

Апелляция жараёнида абитуриентга у томонидан бажарилган тест материаллари тақдим этилади. Тақдим этилган материаллар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади.

Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид