14:14 / 17.09.2020
5822

Фарзандини мактабга юбораётган ота-оналарга тавсиялар берилди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова шу кунларда фарзандини мактабга юбораётган ота-оналарга қатор тавсиялар берди.

«Ота-оналар, аввало, фарзандини мактабга юборишдан олдин уларнинг соғлигига ва руҳий ҳолатига албатта эътибор беришлари керак. Шу ўринда, психологлар тарафидан бундай узоқ карантиндан чиқиш учун вақт (камида уч ҳафта) талаб этилишини инобатга олиб, сиздан боланинг руҳий ҳолатига эътибор беришингизни сўралади.

Фарзандингизда ўтган вақт давомидаги ўзлаштира олмаган билимларига етиб олиши учун пайдо бўлиши мумкин бўлган стрессни енгишга кўмаклашиш керак. Карантин таътилидан кейин бола мактабда ёмон баҳолар олиши мумкин. Бундай ҳолатда унга қаттиқ танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Чунки бу билан сиз ўзингиз билмаган ҳолда унинг ўзига кучли томонларига бўлган ишончини йўқотишига сабабчи бўлиб қоласиз.

Фарзандингизнинг соғлиғини кузатиб боринг ва агар унда касаллик белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) пайдо бўлса, уни таълим муассасасига юборманг», деган у.

Шунингдек, болаларга қуйидаги гигиена қоидаларини ўргатиш сўралган:

  • қўлларини совун ва тоза сув билан тез-тез ювиб туриш;
  • совун ва сув бўлмаса, қўллар учун спирт асосидаги дезинфекция воситасидан фойдаланиш (спирт миқдори камида 60 фоиз бўлиши керак);
  • фақат тоза ичимлик сувидан фойдаланиш;
  • жамоат ҳожатхоналари ҳамда уй ҳожатхоналари тозалигига эътибор бериш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиш;
  • чиқиндиларни хавфсиз ҳамда тўғри йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш кўникмалари;
  • нафас олиш гигиенасига риоя қилиш: йўтал ва аксирганда оғиз-бурунни мато ёки тирсак ёрдамида тўсиш;
  • кафт билан юзга, кўзларга, оғиз ва бурунга тегмаслик.

«Таълим муассасаси маъмурияти ва педагоглари билан маълумот алмашиш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг», деди Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top