07:55 / 17.09.2020
21651

Жиззахда 18 ёшли қизнинг қотили олти йилдан сўнг аниқланди

Йигит қизнинг юзига қаттиқ зарба бериб йиқитган, шу атрофдаги электр сими билан бўғиб жонига қасд қилган ва жасадни гиламга ўраб, қурилиши тугалланмаган уйи олдига кўмиб юборган.

2014 йилнинг 23 октябрь куни Жиззах вилояти Бахмал тумани, "Новқа" қишлоғида истиқомат қилган, 1996 йил туғилган қиз яшаш уйидан фуқаролик паспортини олиш учун чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, шундан сўнг қизнинг онаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилган. Бироқ, 6 йил ўтса-да қизнинг на тириги, на ўлгани тасдиқланмаган.

“Азалдан ёзилган ҳақ сўз бор – жиноятга жазо муқаррар. Шундай ҳам бўлди. Яъни, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармаси ходимлари олинган маълумотларга асосан бедарак йўқолган қизнинг жасади ва ушбу қотилликни содир этган шахсни аниқлади”, - дейилади маълумотда.

Маълум бўлишича, 2014 йилнинг 23 октябрида қиз "Мўғол" қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1991 йил туғилган эркакнинг яшаш уйига келган ва ундан ҳомиладор эканлигини билдирган. Кутилмаган ушбу гап қиз ва йигит ўртасида жанжалга сабабчи бўлади.

Оқибатда йигит қизнинг юзига қаттиқ зарба бериб йиқитган. Шу атрофдаги электр сими билан бўғиб жонига қасд қилган ва жасадни гиламга ўраб, қурилиши тугалланмаган уйи олдига кўмиб юборган.

Top