Ўзбекистон | 16:34 / 18.09.2020
14784
2 дақиқада ўқилади

Карантин чоралари такроран кучайтирилишига сабабнинг ўзи йўқ – Нурмат Отабеков

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков 15 октябрдан карантин қайтадан жорий этилиши эҳтимоли бўйича изоҳ берди. У АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, карантин чораларининг такроран кучайтирилишига асос бўладиган сабабнинг ўзи йўқ.

«Коронавирус инфекцияси билан курашиши учун республика соғлиқни сақлаш тизими етарли даражада дори воситалари, тест системалар, шифо ўринлари, сунъий нафас олдириш аппаратлари, кислород концентраторлари ва тиббий махсус кийимларнинг етарли захираси ташкил этилган. Қолаверса, Covid-19 билан курашишда давлатимиз тиббиёт ходимлари хорижий хамкасблари билан мунтазам алоқа ўрнатди ва илғор халқаро тажрибаларни республикамиз тиббиёт амалиётига татбиқ этиш имконияти яратилди», деган у.

Иккинчидан, фуқароларнинг ўзини ва яқинларини соғлигини сақлаш учун карантин қоидаларига қатъий риоя қилишни давом эттириш керак:

  • Республикада карантин бекор қилингани йўқ, юмшатилди, холос. Бу даврда йўл қўйилган масъулиятсизлик, ушбу касалликка чалиниш эҳтимолини оширибгина қолмасдан, баъзи ёндош касаллиги бор одамларда оғир кечиши, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкинлигини унутмаслик;
  • одамлар гавжум бўладиган жойларда (истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, маҳалла, кўчалар, савдо, транспорт ва ҳ.к) аҳоли томонидан шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилиши ҳолатларига барҳам бериш бўйича кенгайтирилган тушунтириш ва назорат тадбирларини давом эттириш, белгиланган талабларни бузган шахсларга муросасиз бўлиш;
  • фуқароларга ўзлари, яқинлари ва атрофдагиларнинг соғлиғи учун масъул эканликларини доимо эслатиб туриш, уларни тартибга чақириш, шунингдек, турли сурункали касалликларга чалинган ва коронавирусни оғир ўтказиши мумкин бўлган аҳоли қатламини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни бажаришда аҳолини виждонан ёндашишга чақириш.

Мавзуга оид