Америкадаги сайловларга ўлим аралашди. Бундан ким ютади?
Президент Дональд Трамп яқин кунлар ичида Олий суднинг янги судьясини тайинлаши ҳақида эълон қилди. Президентлик сайловларига 6 ҳафта вақт қолганида Рут Гинзбург 87 ёшида вафот этди. Трампнинг рақиби, демократлар номзоди Жо Байден бу муҳим лавозимга тайинлов сайловлардан кейин амалга оширилиши кераклигини таъкидламоқда.

ALEX WONG/GETTY IMAGES
«Мен янги ҳафтада номзодимни кўрсатаман. Бу аёл киши бўлади. Ўйлайманки, бу лавозимни аёл киши эгаллаши керак, чунки аёллар менга эркаклардан кўра кўпроқ ёқади», деган Трамп дам олиш кунлари ўтказилган митинг чоғида.
Умрбодга сайланадиган 9 кишидан иборат Олий суддаги мафкуравий мувозанат Қўшма штатлардаги қонунчилик қарорларини қабул қилишда муҳим ўрин тутади.
2016 йил февралида Барак Обама Олий суд аъзоси, консерватор Антонин Грегори Скалиа вафот этгач, унинг ўрнига либерал Меррик Гарланд номзодини илгари сурганида республикачилар кўпчиликни ташкил этган Сенат бунга йўл қўймаганди. Кейинроқ Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл бу қарорни президентлик сайловлари яқинлиги билан изоҳлаганди.
«Биз ҳозирда президентлик сайловлари жараёнининг ўртасида турибмиз. Биз Олий суднинг кейинги аъзоси ким бўлишини Америка халқи танлаши керак деб ҳисоблаймиз», деганди ўшанда Макконнелл. Унинг нуқтайи назарига кўра, 2016 йил феврали (сайловларгача 9 ой бор эди) АҚШда сайловлар жараёни ўртаси бўлган, 2020 йилнинг сентябрида эса (сайловларгача 1,5 ой вақт қолди) вазият бошқача. У ҳозирда Трамп таклиф қиладиган номзодни дарҳол кўриб чиқишга тайёрлигини айтмоқда.
BBC’нинг сиёсий шарҳловчиси Энтони Зуркер Олий суднинг янги аъзоси тайинланиши ҳозирги мураккаб шароитда қандай муҳим рол ўйнаши ҳақида тушунтириш берди.
Трамп Гинзбург ўрнига номзодни сайловлардан олдин тайинлай оладими?
Дональд Трампда президентлиги даврида 9 кишидан иборат Олий суд ҳайъатига учинчи марта ўз номзодини тайинлаш имконияти пайдо бўлди. 2016 йилги сайловларда ғалаба қозонганида у Нил Горсачни судяликка тайинлаганди, 2019 йилда эса Бретт Кавано номзодини умрбод ҳакамликка ўтказган. Шундан сўнг Олий судда консерваторлар сони либераллар сонидан ошиб кетганди - 4 нафар либералга қарши 5 нафар республикачи. Гинзбург хонимнинг ўрнига ҳам Трамп номзоди қўйилса, Олий судда консерваторларнинг устунлиги янада мустаҳкамланади.
Президент бу ишни ноябрдаги сайловларгача ёки ундан кейин қилмоқчи. Агар сайловлар натижаларига кўра республикачилар Сенатдаги устунликни бой беришса ҳам, Трамп томонидан таклиф қилинган номзоднинг тасдиқланиши йил охиригача рўй бериши мумкин, бу вақтда палаталарнинг эски таркиби ўз ваколатларини сақлаб қолишган бўлишади.

Бу ўринни шу йилдаёқ тўлдиришга бўлган ҳар қандай уриниш демократларга республикачиларни иккиюзламачиликда айблаш учун баҳона бўлади. Улар республикачилар, хусусан, уларнинг Сенатдаги етакчиси Митч Макконнелл 2016 йилда муддати тугаётган демократ президент Барак Обамага Олий судда бўшаб қолган ўринни ўз номзоди билан тўлдиришига рухсат беришмаганини ва Трампнинг ғалабасини кутиб, у таклиф қилган номзодни тайинлашганини унутишмаган.
Ўшанда республикачилар сайловчилар ўз сўзини айтиши кераклигини айтишганди. Кейинроқ Макконнелл ва Республикачилар партиясининг бошқа айрим вакиллари бундай қоида бир партия ҳам Сенатни, ҳам ижро этувчи ҳокимиятни назорат қилаётган вақтда татбиқ этилмаслиги ҳақида гапира бошлашди - ҳозирда айнан шундай вазият юзага келган.
Трамп илгари сурадиган номзод тасдиқланадими?
Бу арифметикага ва ҳаммаси қачон содир бўлишига боғлиқ.
Республикачилар ҳозирда Сенатда 53 ўринга эга, Олий судга номзодни тасдиқлаш учун 50 овоз етарли бўлади.
Аммо ҳозирданоқ эркин фикр юритиши билан танилган республикачи сенаторлар - Мэн штатидан бўлган Сьюзан Коллинз ва аляскалик Лиза Мурковски агар ноябрдаги сайловларда Жо Байден ғалаба қозонса, Гинзбургнинг ўрнига янги судьяни айнан у тайинлаши учун имкон беришларини - Трампнинг номзодига қарши овоз беришларини айтишган.
Коллинз бу йил қайта сайланадиган республикачи сенаторлардан бири, аммо унга ғалаба кафолатланмаган. Бу сенаторларга босим ҳаддан ташқари юқори: бир томондан улар мўътадил сайловчиларни ўзларига оғдиришлари, бошқа томондан ўзларининг консерватив электоратини сақлаб қолишлари керак бўлади.
Республикачи сенаторлар Олий суднинг янги аъзосини тайинлашни сайловлардан кейинга қолдириш орқали вазиятни юмшатишлари ҳам мумкин. Сенаторлар сайловолди кампанияси олиб боришлари лозимлиги ҳисобга олинса, уларга судьяни сайловгача тайинлаш учун ҳам тингловларни, ҳам овоз бериш жараёнини режалаштириш жуда қийин бўлади.
Аммо агар улар бу тайинловни кейинга қолдиришса, Байден ва демократлар президентлик сайловида ғолиб чиқишса, демократларнинг ғазаби янада қўрқинчлироқ тус олади, улар республикачиларни халқ иродасини инкор этишда айблай бошлашади.

Олий судда ким ўтириши нега бунчалик муҳим?
Мазкур тайинлов атрофидаги вазият нафақат Гинзбургнинг ўлими сайловлар арафасига тўғри келгани туфайли, балки бу тайинловнинг оқибатлари Америка адлия тизими учун сезиларли бўлиши мумкинлиги туфайли ҳам шов-шувга айланди.
Трамп Гинзбург хонимнинг вориси сифатида округ апелляция суди судьяси Эми Кони Барретт номзодини кўрсатиши эҳтимоли юқори, у президент томонидан аввал ҳам икки марта Олий суддаги вакансия учун номзод сифатида кўрилганди. Агар у ёки Трампнинг бошқа бир номзоди Гинзбургнинг ўрнини эгалласа, бу суддаги мафкуравий кучлар мувозанатини ўнгчилар томонга кескин оғдириб юборади.
Бу ҳолатда либералларнинг шу йил бошида аборт, иммиграция ва президент ваколатлари масалалари бўйича қийинчилик билан эришилган ғалабалари ўрнини консерваторларнинг ғалабалари эгаллашини кутиш мумкин.
Суд яқин орада Обаманинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлари ва бир жинсли оилаларга фарзанд асраб олиш ҳуқуқи берилиши каби масалаларда қарор қабул қилиши керак. Кейинроқ қурол олиб юриш ва сақлаш ҳақидаги, сайлов қонунчилиги ҳақидаги, одил судлов ва дин эркинлиги тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилиши кўзда тутилган - консерваторлар 9 ўриндан 6тасига эгалик қила бошлашса, Олий суднинг Америка жамоатчилигини иккига ажратувчи ушбу масалалардаги позицияси ҳозирдаги каби бўлмаслиги тайин.
Бу Трампга ёки Байденга президентлик кампаниясида ёрдам берадими?
Мамлакатда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий ва ижтимоий ҳолат, полициячиларнинг шафқатсизлиги ва ирқчиликка қарши намойишлардан кейин ҳам президентлик пойгасида Трамп ва Байденнинг имкониятларини тенг баҳолаш мумкин.
Байден сўнгги бир неча ой мобайнида Трампни катта бўлмаган фарқ билан ортда қолдираётганди - умуммиллий сўровларда ҳам, «тебранувчи штатлар»да ҳам - бу эса кўпчилик америкаликлар кимга овоз беришини белгилаб олгани тўғрисида тасаввур уйғотарди.
Гинзбургнинг ўлими эса пойгада янги ноаниқликни келтириб чиқарди.
2016 йилда Олий суд ҳайъатида вакансия юзага келиши Трампнинг тарафдорларини сафарбар этишда қўл келганди - улар орасида буни суднинг абортга рухсат бериш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқиш имконияти деб билган евангелистлар ҳам бор эди. Сўровлардан маълум бўлишича, айнан шу вакансия сайлов участкаларига консерватив қарашлардаги сайловчилар кўпроқ келишини таъминлаган, бу эса Трампнинг ғалабасида маълум даражада ҳисса қўшган.
2020 йилги сайловлар арафасида ҳам Олий суд ҳайъатидаги ўринларнинг бири бўшаши сайловларга худди шундай таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд. Агар республикачилар сайловларгача судьяни лавозимга тайинлашса, бу ўнг қарашлар тарафдорларига унинг бошқаруви даврида шунча тартибсизлик юзага келганига қарамай нима учун Трампни қўллашлари кераклигини эсга солади.
Бошқа томондан, Рут Бейдер Гинзбургни салкам илоҳийлаштирган, унинг қиёфасидаги ҳайкалчаларни сотиб оладиган, у ҳақидаги фильмлар ва ҳужжатли кўрсатувларни томоша қилиб етишган авлод, унинг соғлиги ҳақида қайғуриб келган либералларда сайловга бориш учун катта сабаб бор - унинг меросини ҳимоя қилиш. Агар Гинзбургнинг ўлими ёшларда ва сиёсатдан узоқроқ бўлган бошқа сайловчиларда энтузиазм ўсишига олиб келса, бу ўлим демократлар фойдасига хизмат қилиши ҳам мумкин.
Умуман олганда, олдинда тўла мавҳумлик, аммо Байден устунлик қилаётган пойга динамикасидаги вазиятни мураккаблаштирувчи ҳар қандай ўзгариш - Трамп учун яхши янгиликдир.

Демократлар қандай қасд олиши мумкин?
Бир нарса аниқ: агар Трамп сайловга қадар Гинзбург ўрнига ўз одамини қўйишга улгурса ва ноябрда Байден ва демократлар ғалаба қозонишса, сўллар қасос олиш иштиёқида ёна бошлашади.
Агар республикачилар барибир ўз номзодларини тайинлашса, қандай сиёсий ўч олиниши ҳақида музокаралар ҳам бошланган.
Қуйидагилар шундай ошкора қадамлардир - яқинда бундай чоралар ҳаддан ташқари радикал чоралар сифатида қараларди, энди эса муҳокама қилишмоқда: филибастерни бекор қилиш (Сенатда озчиликни ташкил қилувчилар исталган қонун лойиҳаси муҳокамасини ортга суришига имкон берувчи қоида), Олий суддаги судьялар сонини ошириш ва янги ўринларни либераллар билан тўлдириш, демократлар устунлик қилувчи Колумбия пойтахт округи ва Пуэрто-Рико ҳудудларида янги штатлар барпо этиш.
2020 йил Америка учун барча жабҳаларда оғир келди - сиёсий, ижтимоий, маданий жиҳатдан. Энди буларга Олий суддаги ўрин учун кураш қўшилди ва бу жанг аввалгиларидан кўра шиддатли бўлиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Қамоққа олинмаган гумонланувчиларнинг Ўзбекистондан чет элга чиқиши вақтинча чекланиши мумкин
Ўзбекистон | 19:08 / 12.03.2025
Австралиялик эркак сунъий юрак билан 100 кун яшаб, рекорд ўрнатди
Жаҳон | 14:35 / 12.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентда попкорн сотувчиларини “паноҳига олган” профилактика инспектори пора олганликда айбланди
Жамият | 19:19
-
ҲАМАС гаровдаги исроилликни озод этишга ва тўрт кишининг жасадини қайтаришга рози бўлди
Жаҳон | 19:11
-
АҚШ сенаторлари Трампнинг Tesla тадбиридаги иштирокини текширишга чақирмоқда
Жаҳон | 19:08
-
“Рақобат бюрократия билан чекланмаслиги керак” — тагликлар импортига янги талаблар киритилди
Ўзбекистон | 18:29
Мавзуга оид

10:38 / 24.02.2025
Германияда парламент сайловлари. Консервативлар биринчи ўринни эгаллади

17:19 / 08.02.2025
Трамп Байденнинг махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилди

23:33 / 03.02.2025
Reuters: Оқ уй Байден президентлигининг охирги йилида Украинага қурол етказиб беришни кечиктирган

17:39 / 28.01.2025