Жаҳон | 22:07 / 21.09.2020
2895
4 дақиқада ўқилади

Британия қироллик оиласининг даромадлари камайди, энди маош ҳам қисқарадими?

Коронавирус ва локдаун нафақат оддий одамларга, балки казо-казо ва ҳоказоларга ҳам таъсир қилди. Британия қироллик оиласининг даромадлари ҳам сезиларли даражада камайгани маълум бўлди. Йўқ, энди қироллик оиласи шоҳона кечки овқат ўрнига бургер ейишга ўтади, деб ўйлашга шошилманг. Аҳвол унчалик ёмон эмас.

Фото: EPA/Vostock-photo

Ойликка яшайдиган қиролича

Елизавета II давлат бюджетидан ажратиладиган грант асосида яшайди. Кўп эмас, йилига «атиги» 82 миллион фунт атрофида. Аммо қироличани койишга шошилманг: у ўтган йил давлат ғазнасига 330 миллион фунт фойда келтирган. Шундай экан, британиялик бўлсангиз, хотиржам бўлаверинг, фуқароларнинг қироличага ҳаққи кетиб қолмаган.

Аммо карантин ҳаммасини ўзгартириб юборди.

Британияда Crown Estate номли қироллик оиласига тегишли кўплаб кўчмас мулк ва ерлар мавжуд. Уларнинг умумий қиймати 13 миллиард фунтга баҳоланган. Шахсан қиролича бошқарувидаги бу мулкларнинг ижараси ҳар йили Британия ғазнасига 345 миллиард фунтгача пул туширарди. Бу кўчмас мулклар Лондон марказида, хусусан, Риджент-стритдаги нуфузли ҳудудда жойлашган. Шунингдек, қироличага тегишли кўплаб савдо марказлари, ритейл-парклар бор. Ҳатто сув тубида ҳам унга қарашли ҳудуд бор.

Карантин сабабли қиммат ҳудудлардаги дўконларда мижозлар камайди, офислар бўшаб қолди, ижара тўлаш борасида имтиёзлар эълон қилинди. Масалан, март-июнь ойларида ижарадан одатдаги пулларнинг 2/3 қисми тушган. Бу ҳақда иш бошқарувчи Дан Лэббад Financial Times'га маълум қилган.

Энг ёмон ҳолат Лондон марказидаги дўконларда кузатилган. Чунки улар ижара пулининг фақат ярмини тўлашган. Кейинги уч ойда ҳам шундай бўлиши кутилмоқда. Парламентга ҳисобот топширган Лэббад карантин сабаб нафақат қироллик оиласининг даромадлари, балки бойликларнинг қиймати ҳам тушганини маълум қилган.

Юқорида қироллик хонадони кўчмас мулклар ижарасидан йиллик 345 миллион фунтгача даромад кўргани айтилди. Бу йил эса Crown Estate ижарасидан ҳозирча 87 миллион фунт пул тушган. Бу қироличага бир йил учун ажратиладиган субсидия миқдорига тенг. Бироқ бу қироличага бериладиган йиллик грант миқдори камайишидан дарак бермайди. Шундай бўлса ҳам, «кўз ёш тўкиш»га ҳожат йўқ.

Қироличанинг машҳурлиги, унга бўлган бутун дунёдаги қизиқиш Британиядаги миллий маҳсулотлар нархини ўртача 1,5 миллиард фунтга оширади. Яъни, қиролича деган номнинг ўзи Британияга ҳар йили шунча фойда келтиради. Бу фараз эмас, Brand Finance консалтинг компаниясининг ҳисоб-китоблари хулосаси. Қиролича бутун дунёдаги энг машҳур ва энг қиммат брендлардан бири ҳисобланади.

«Қора кунлар келиб» Британия қироллик оиласига давлат бераётган грант миқдори камайса ҳам, буни ҳалокатли ҳолат деб бўлмайди. Чунки қироллик оиласининг яна бошқа тирикчилик манбалари бор. Масалан, Шотландиядаги Балморал қалъаси, Ланкастердаги Сандрингем саройининг ўзи Елизавета II'га йилига 20 миллион фунт келтиради. Қироличанинг ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарльз ҳам ер ва кўчмас мулк ижарасидан йилига шунча даромад кўради. Хуллас, Британияда қироллик оиласи ҳар қандай ҳолатда оч қолмайди. Бироқ дунёдаги энг қудратли ҳисобланувчи сулоланинг даромадлари камайиб, юқорида санаганимиз каби ҳисоб-китобларга ўрин қоляптими, коронавирус қозон қайнатиш учунгина ишлайдиган оддий оиланинг аҳволига қандай таъсир қилганини тасаввур қилаверинг...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид