Ўзбекистон | 14:17 / 23.09.2020
10438
2 дақиқада ўқилади

«Қонунларимизда коррупциоген ҳолатлар мавжуд» – Сенат раиси

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон қонунчлигидаги камчиликлар ҳақида гапириб ўтди. У илгари ишлаб чиқилган қонунлар ҳозирги кун талабига жавоб бермаслигини қайд этган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Парламентнинг асосий фаолияти тез қадамлар билан кетаётган ислоҳотларнинг қонуний асосларини яратиш ва мустаҳкамлашдир. Йиллар давомида ишлаб чиқилган қонунлар бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрдик.

Қонунларда кўплаб коррупциоген ҳолатлар мавжуд. Уларда ислоҳотларга тўсиқ бўладиган кўплаб моддалар бор. Буларни бартараф қилиш бўйича Олий Мажлиснинг икки палатаси томонидан ҳам таҳлилий, ҳам қонунчилик ишлари амалга ошириляпти», деди Норбоева «Ўзбекистон-24» телеканалига берган интервьюсида.

Сенат раиси парламент олдида ижро ҳокимиятининг ҳисобдорлиги ошганини ҳам қайд этиб ўтган.

«Илгари қонунларда ёзилса ҳам, амалда бу нарса йўқ эди. Яъни парламентнинг ҳукуматни шакллантириши, ҳукуматнинг унинг олдида ҳисобдорлиги масаласи. Лавозимига лойиқми, лойиқ эмасми деган масала парламент аъзоларининг диққат марказида турибди. Бош вазирдан тортиб барча вазирлар лавозимига тайинланишида парламент муҳокамасидан ўтади.

Улар олдига қўйилган вазифаларни қай даражада бажараётгани бўйича қуйи ва юқори палатага ҳисобот бермоқда. Агар лавозимига лойиқ бўлмаса, парламент буни бемалол айта олади. Ҳокимлар ҳам ҳудудлардаги ислоҳотлар қай даражада амалга оширилаётгани бўйича парламентга ҳисобот беряпти», деди Танзила Норбоева. 

Мавзуга оид