13:56 / 23.09.2020
14357

Суарес бир оёғи билан «Атлетико»да. Нега «Ювентус»дамас?

Йилнинг асосий трансфер сериалларидан бирида кутилмаган бурилиш рўй берди.

Фото: Quality Sport Images/Getty Images

«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес кўк-анорранглиларнинг мавсумолди йиғинини ўтказиб юборди ва ўзига янги клуб излашда давом этмоқда. Уругвайлик футболчи аввалига «Ювентус»га ўтишга яқин эди, аммо сўнгги паллаларда трансфер барбод бўлди. Энди ушбу футболчига Мадриднинг «Атлетико» клубидан жиддий қизиқиш пайдо бўлган: Суаресни жамоага таклиф этиш ташаббуси бош мураббий Диего Симеонега тегишли. Қуйида уругвайлик футболчи нима учун «Ювентус»га ўтмай қолгани, у «Барселона»дан нима исташи ва «Атлетико» нега унга қизиқаётгани ҳақида фикр юритилган.

«Барса» раҳбарияти билан зиддият
«Барселона» бош мураббийи лавозимига Рональд Куман келиши биланоқ кўп нарса тушунарли эди: Мистер Суаресни клубда кўришни истамасди. Уругвайлик футболчининг бир йиллик шартномаси қолган, аммо футболчининг ўзи, ESPN маълумотига кўра, бошқа клубга кетса ҳам унга шартнома бўйича олиши керак бўлган бир йиллик маоши тўлиқ тўланишини талаб қилди. Бу эса тахминан 14 млн евро дегани. Каталонияликлар футболчини текинга қўйиб юборишга рози, аммо унга қолган бир мавсум учун маош тўлашга рози эмас. Суарес Андрес Иньеста ва Хави Япониянинг «Виссел Кобе» ва Қатарнинг «Ас-Садд» клубига ўтганида каталонияликлар клуби раҳбарияти уларга маошларининг қолган қисмини ҳам тўлаб берганига асосланган ҳолда шундай талаб қўйганди. 

Шу билан бирга, Куман Суарес агар барибир «Барселона»да қолса, унга жамоанинг бошқа футболчилари билан бир хилда муносабатда бўлишини маълум қилди. 

«Мен Луис билан суҳбатлашдим. Биз кутамиз ва кузатамиз, у кетадими ёки йўқми. Аммо биз шартномани ҳурмат қиламиз, агар у қоладиган бўлса, жамоанинг бошқа футболчилари каби бир хил имкониятга эга бўлади», – деган мураббий Marca нашрига берган интервьюсида. 

Onda Cero радиостанцияси маълумотига кўра, каталонияликлар клуби шартномани бир томонлама бекор қилиш учун футболчига бир йиллик маошининг ярмини товон сифатида тўлаб беришга розилик билдирган. Яқин кунларда Луис янги клуби билан келишув имзолаши кутилмоқда.

«Ювентус»га трансфернинг барбод бўлиши
Туринликлар клубининг Суаресга қизиқиши ҳақида маълумот сентябрь ойи бошида пайдо бўлди. Marca нашри уругвайлик футболчи «Ювентус» билан «2+1» схемасида шартнома имзолаши ва бу клубда йилига 10 млн евро миқдорида маош олиши ҳақида ёзганди. Аммо трансфер «Барселона» билан амалдаги шартномани бекор қилиш ишлари чўзилиб кетгани туфайли амалга ошмай қолди. 

Сентябрь ойи ўрталарида Испаниядаги RAC1 радиоси 33 ёшли форвард 6 октябрга қадар Италия паспортини олишга улгурмаслиги маълум бўлгани ҳақида маълумот берди. Айнан шу куни футболчиларни Чемпионлар лигасига заявка қилиш муддати тугайди. 

Бироз ўтиб La Gazzetta dello Sport нашри журналисти Лука Бьянкин Суареснинг Перуджа университети биносига кираётгани тасвирланган суратини эълон қилди. Уругвайлик футболчи бу ерда Европа Иттифоқи фуқароси паспортини олиш учун итальян тили бўйича имтиҳон топшириши айтилди. Бу ҳужжат Суаресга ЕИга аъзо бўлмаган давлатларга мансуб футболчилар учун ажратилган квотадан ташқарида бўлиш учун керак эди. 

Испанияда бунинг учун ЕИ фуқароси бўлган рафиқаси София Бальбининг паспортини тақдим этиш кифоя қилади, аммо Италияда ўзига хос қоидалар амал қилади, унга кўра, уругвайлик футболчи ЕИ фуқароси паспортига эга бўлиши талаб этиларди. 

17 сентябрь куни La Gazzetta dello Sport журналисти Лука Бьянкин уругвайлик футболчи имтиҳонни муваффақиятли топширгани тўғрисида хабар берди. Аммо кейинги куни унинг ҳамкасби Фабрицио Романо «Ювентус» ушбу футболчини таркибига қўшиб олиш режасидан воз кечгани, унинг ўрнига «Рома»дан 16 млн евро эвазига Эдин Жеко харид қилиниши ҳақида ёзди.

«Юве» бош мураббийи Андреа Пирло Луис Суареснинг туринликлар клубига келиши имкони деярли йўқлигини айтди. 

«Биз ҳали ҳам марказий ҳужумчи сотиб олиш ниятидамиз. Трансферлар даричаси ёпилгунга қадар ҳали вақт бор, шунинг учун биз хотиржаммиз. Биз шошилмаяпмиз. Суареснинг келиши қийин, чунки паспорт олиш учун кўп вақт кетади, шу туфайли бизнинг янги ҳужумчимиз у бўлиши эҳтимоли жуда кам», деган мураббий Reuters агентлиги мухбирига берган интервьюсида.

Кейинги куни «Ювентус» спорт директори Фабио Паратичи ҳам бу борада изоҳ берди: «Айни вақтда биз бир ҳужумчи излаяпмиз, бизнинг ўз мақсадларимиз бор ва биз бу мақсадларга хотиржамлик билан эришишни истаймиз. Номлардан қатъи назар. Суаресни бу рўйхатдан чиқариш мумкин, чунки у паспортни фақат трансферлар ойнаси дедлайнидан кейин қўлга киритиши мумкин, 6 октябрь куни эса Чемпионлар лигасида иштирок этадиган футболчилар рўйхатини юборишимиз керак. Биз Суарес варианти таклиф қилинганида буни  маъқуллаган эдик. Луис Италия фуқаролигини олиш жараёнида эди, шу туфайли биз у муайян вақтгача қайдномадан ўтишига умид қилгандик. Аммо бу иложсиз бўлиб чиқди ва шу туфайли у клубга келмайдиган бўлди».

Фото: globallookpress.com/Emanuela Bianconi/Keystone Press Agency

22 сентябрь куни эса имтиҳон билан боғлиқ можароли хабарлар тарқала бошлади. La Repubblica нашри хабарига кўра, Суарес Италия фуқаролигини ноқонуний йўл билан олишга уринган бўлиши мумкин. Манба маълумотига кўра, уругвайлик футболчи тестда тушадиган мавзуларни олдиндан билган. Бу мавзулар футболчига олдиндан юборилган ва у тестда B1 даражани қўлга киритган (Бу тилни билиш бўйича ўртача даража бўлиб, инсонга суҳбат қуриш ва айтилган барча нарсани тушуниш имконини беради). Бу ишда гумонланувчилар орасида Перуджадаги хорижликлар учун университет ректори Жулиана Грего Болли ва университет бош директори Симоне Оливьери ҳам бор. Суарес ҳам ишга алоқадор, аммо у асосий қоидабузар сифатида кўрилмаяпти. Олий таълим муассасасида текширув ўтказилмоқда.

«Атлетико»га ўтиш
«Матрасчилар» шу ой бошидан буён футболчининг атрофидаги вазиятни кузатиб боришмоқда, аммо фақат бир неча кун олдин таклиф юборилган. Mundo Deportivo маълумотига кўра, уругвайлик футболчи мадридликлар билан икки йиллик шартнома борасида келишувга эришган.

Аммо Суаресни сотиб олиш учун «Атлетико» йилига 8 миллион евро маош олаётган Диего Костани сотишига тўғри келади. Шу йўл билан «матрасчилар» харажатлар ведомостини бўшатиш ва молиявий фейр-плей бўйича муаммо чиқмаслигига эришишни мўлжаллаган.

22 сентябрь куни El Chiringuito TV Луис Суарес жамоа машғулотларида қатнашиш учун келгани ҳақида хабар бериб, у база ҳудудида тушган суратни илова қилди.

Фото: Gettyimages.ru/Gonzalo Arroyo Moreno, Alex Caparros, David Ramos

Шу куни Каталония клуби президенти Жозеп Бартомеу Суарес масаласида Мадрид клуби билан музокараларни тўхтатиб туришга қарор қилгани, у «Атлетико»ни ҳам «Барса» футболчини эркин агент сифатида қўйиб юборишни истамаётган клублар рўйхатига киритгани, трансфер учун пул тўланишини истаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Кун охирида журналист Фабрицио Романо «Атлетико» ва «Барселона» вакиллари ўртасида учрашув ўтказилгани, томонлар ҳужумчи трансфери масаласида келишувга эришгани, яқин вақтлар ичида Суарес Мадрид клубига ўтиши ҳақида ёзди.

Marca маълумотига кўра, мадридликлар уругвайлик ҳужумчига йилига 9 млн евро миқдорида маош тўлашга тайёр, бош мураббий Диего Симеоне ушбу футболчи трансферида шахсан ташаббус кўрсатмоқда. Айнан у Суаресни «Атлетико»га ўтишга кўндирган, у «Ювентус»га ижарага бериб юборилган Альваро Моратадан кўра жамоага мосроқ футболчи деб ҳисобланмоқда. 

Шу тариқа, Луис Суарес Испанияда қолади, аммо «Барселона»нинг асосий рақибларидан бири сафида.

Top