«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес кўк-анорранглиларнинг мавсумолди йиғинини ўтказиб юборди ва ўзига янги клуб излашда давом этмоқда. Уругвайлик футболчи аввалига «Ювентус»га ўтишга яқин эди, аммо сўнгги паллаларда трансфер барбод бўлди. Энди ушбу футболчига Мадриднинг «Атлетико» клубидан жиддий қизиқиш пайдо бўлган: Суаресни жамоага таклиф этиш ташаббуси бош мураббий Диего Симеонега тегишли. Қуйида уругвайлик футболчи нима учун «Ювентус»га ўтмай қолгани, у «Барселона»дан нима исташи ва «Атлетико» нега унга қизиқаётгани ҳақида фикр юритилган.
«Барса» раҳбарияти билан зиддият
«Барселона» бош мураббийи лавозимига Рональд Куман келиши биланоқ кўп нарса тушунарли эди: Мистер Суаресни клубда кўришни истамасди. Уругвайлик футболчининг бир йиллик шартномаси қолган, аммо футболчининг ўзи, ESPN маълумотига кўра, бошқа клубга кетса ҳам унга шартнома бўйича олиши керак бўлган бир йиллик маоши тўлиқ тўланишини талаб қилди. Бу эса тахминан 14 млн евро дегани. Каталонияликлар футболчини текинга қўйиб юборишга рози, аммо унга қолган бир мавсум учун маош тўлашга рози эмас. Суарес Андрес Иньеста ва Хави Япониянинг «Виссел Кобе» ва Қатарнинг «Ас-Садд» клубига ўтганида каталонияликлар клуби раҳбарияти уларга маошларининг қолган қисмини ҳам тўлаб берганига асосланган ҳолда шундай талаб қўйганди.
Шу билан бирга, Куман Суарес агар барибир «Барселона»да қолса, унга жамоанинг бошқа футболчилари билан бир хилда муносабатда бўлишини маълум қилди.
«Мен Луис билан суҳбатлашдим. Биз кутамиз ва кузатамиз, у кетадими ёки йўқми. Аммо биз шартномани ҳурмат қиламиз, агар у қоладиган бўлса, жамоанинг бошқа футболчилари каби бир хил имкониятга эга бўлади», – деган мураббий Marca нашрига берган интервьюсида.
Onda Cero радиостанцияси маълумотига кўра, каталонияликлар клуби шартномани бир томонлама бекор қилиш учун футболчига бир йиллик маошининг ярмини товон сифатида тўлаб беришга розилик билдирган. Яқин кунларда Луис янги клуби билан келишув имзолаши кутилмоқда.
«Ювентус»га трансфернинг барбод бўлиши
Туринликлар клубининг Суаресга қизиқиши ҳақида маълумот сентябрь ойи бошида пайдо бўлди. Marca нашри уругвайлик футболчи «Ювентус» билан «2+1» схемасида шартнома имзолаши ва бу клубда йилига 10 млн евро миқдорида маош олиши ҳақида ёзганди. Аммо трансфер «Барселона» билан амалдаги шартномани бекор қилиш ишлари чўзилиб кетгани туфайли амалга ошмай қолди.
Сентябрь ойи ўрталарида Испаниядаги RAC1 радиоси 33 ёшли форвард 6 октябрга қадар Италия паспортини олишга улгурмаслиги маълум бўлгани ҳақида маълумот берди. Айнан шу куни футболчиларни Чемпионлар лигасига заявка қилиш муддати тугайди.

















