Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Le Figaro Ўзбекистоннинг пандемияда давридаги ҳаракатларини ижобий баҳолади
Франциянинг етакчи нашрларидан бири бўлган «Le Figaro» газетаси Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги чиқишига бағишланган мақолаларни эълон қилди. Уларда Ўзбекистондаги қатор ижобий ўзгаришлар тилга олинган.
Мақолаларда Ўзбекистон президентининг 75-сессияда илгари сурган ташаббуслари ижобий баҳоланган.
“Пандемияга қарамай, Ўзбекистон Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботига кўра, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ва ҳатто ундан ташқарида ҳам ижобий ўсиш суръатига эга бўлган ягона мамлакат бўлади. COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирларнинг қабул қилиниши ўлим сонини ҳозирги кунда 34 миллионлик аҳолига нисбатан 500тадан кам ҳолат билан чеклаш имконини берди”, дейилади “Ўзбекистон: Марказий Осиёда “янгиланиш шамоли” сарлавҳали мақолада.
Нашр мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзгаришларни ҳам эътироф этган.

“Ҳозирги кунда мамлакатда жамиятнинг икки тоифаси вакилларига – аёллар ва болаларга алоҳида эътибор берилмоқда.
Жамиятнинг барча қатламларида гендер тенглигини таъминлашга ва қарор қабул қилиш жараёнида заиф жинс вакиллари улушининг оширилишига йўналтирилган Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг ташкил этилиши хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон тарихида илк бор Парламентнинг юқори палатасида аёл киши раислик қилмоқда. Мамлакатда “Хотин-қизлар ҳуқуқларига нисбатдан барча турдаги камситилиш шаклларига барҳам бериш Миллий дастури амалга оширилмоқда”, деб ёзади Le Figaro.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади. Президент нутқида эпидемиологик инқироз даврида давлатлар мажбуриятларининг халқаро кодексини ишлаб чиқиш, қашшоқликни тугатиш ва камбағалликни қисқартиришга бағишланган глобал саммитлар ўтказиш, Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида махсус резолюция қабул қилиш каби таклифлар илгари сурди.