Ўзбекистон | 08:26 / 25.09.2020
3296
3 дақиқада ўқилади

Ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги кучайтирилади

Президентнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини кучайтириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича йўл харитаси иловага тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги  билан биргаликда:

республикада маҳсулотлар хавфсизлигига талаб ва маҳсулотнинг намуналарини олиш, синов ва ўлчов усулларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;

халқаро интеграциявий ташкилотларга аъзо давлатларда амалда бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини босқичма-босқич имплементация қилиш;

озиқ-овқат товарлари нархини пасайтириш ва барқарорлаштириш мақсадида аҳамиятга молик озиқ-овқат товарларини экспорт ва импорт қилувчилар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этишни назорат қилиш;

маҳсулотларга қўшилаётган ҳар хил турдаги соғлиқ учун хавф туғдириши мумкин бўлган кимёвий моддаларни ва ўсимлик ёғларини ишлатиш ҳолатларини ўрганиш;

маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш борасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ушбу соҳада ўзини оқлаган хорижий давлатлар норматив ҳужжатларини таҳлили асосида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ваколатли орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги функция ва вазифаларининг, ишлаш принципининг қайта кўриб чиқилишини  2 ой муддатда таъминлайди.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва Молия вазирлиги  билан биргаликда давлат чегараларидан фуқаролар, техник воситалар ва товарлар ўтказиш оқими катта бўлган пунктларда фаолият юритаётган чегара ва назорат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни 3 ой муддатда амалга оширади.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология хизмати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда халқаро стандартларга мувофиқ давлат озиқ-овқат стандартларини янгилаш, мазкур соҳадаги техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар ва халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш дастурини 3 ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Санитария-эпидемиология хизмати билан биргаликда ишлайдиган аҳоли учун соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини 1 ой муддатда ишлаб чиқади ва жорий этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид