Жамият | 20:23 / 25.09.2020
18764
3 дақиқада ўқилади

Риштонда UNESCO сайёҳлик рўйхатига кирган музей борлигини биласизми?

Ҳунар, ҳунардан унар. Дунёда эса ҳунарлар кўп. Уларнинг айримлари санъат даражасигача етган. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, ўймакорлик, кулолчилик.

Маълумки, кулолчилик, яъни гилдан, тупроқдан сопол буюмлар, идишлар ясаш, бугунги кунда саноат услубида ишлаб чиқишга қадар ривожланди. Унинг тарихи минглаб йиллар узоққа бориб тақалади. Яъни кулолчилик энг қадимги ҳунарлардан ҳисобланади.

Шу билан бирга, кулолчиликнинг турли мамлакатларда ўз йўналишлари бор. Улар бугунги кунда мамлакатлар номи билан боғланади. Турк, япон кулолчилиги, корейс, хитой ва бошқа мамлакатлар кулолчиликлари орасида Ўзбекистоннинг Риштон тумани кулолчилиги ҳам ўз ўрнига эга десак, муболаға бўлмайди. Риштон кулолчилик мактаби маҳсулотлари ўзининг жимжимадор, нафис, кўзни қамаштирувчи нақшлари билан кишини лол қилади. Бир-бирини такрорламайдиган нақшлар билан жилоланган кўзалар, лаганлар, чойнак-пиёлалар нафақат миллий, балки хорижий сайёҳларнинг ҳам эътиборини ўзига тортиб келмоқда.

Kun.uz мухбирлари Фарғона водийсига сафари чоғида Риштон туманида ҳам бўлиб, 30 йилдирки, кулолчилик билан шуғулланиб келувчи машҳур уста кулол Равшан Тожиддинов асос солган “Коронда” кулолчилик ишлаб чиқариш марказида бўлди ҳамда сопол идишлар ясаш жараёни билан танишди, унинг кўргазмалар залида томоша қилди.

Кулоллар сулоласи вакили Кимёхон Қодированинг айтишича, оила 3 авлоддирки кулолчилик билан шуғулланиб келади.

«Бобомиз ҳам кулол бўлганлар. Дадам ва амакимлар ҳам кулолчилик қилишган. Ўзимиз ҳам ёшликдан ушбу ҳунарни ўргандик. Гарчи ишимизнинг меҳнати оғир бўлса-да, ҳалол. Шунинг ортидан шу даражага эришдик», - дейди Кимёхон Қодирова.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёнинг Туркия, Қозоғистон, Хитой, Россия, Греция каби 10дан ортиқ мамлакатига маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.

Корхонада 70 дан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб, яна 300 дан ортиқ киши буюртмаларни бажариш орқали уйдан ишлаш имкониятига эга. Корхонада 3 хил: нуқталик, меҳроб ва қорақалам йўналишдаги нақшлар солинган идишлар ишлаб чиқилади.

Маълум бўлишича, корхона музейи ЮНЕСКО рўйхатига ҳам киритилган, бу ерга турли давлатлардан хорижий сайёҳлар келиб туришган, бироқ бугунги кунда пандемия боис, ишлаб чиқариш, ишчиларга ўз вақтида маош бериш масалалари бироз оқсамоқда.

Коронда халқаро тажриба алмашишни ҳам йўлга қўйган бўлиб, бу ерда Туркия нақшлари асосида ҳам сопол буюмлар ишлаб чиқилади.

 

Мавзуга оид