20:48 / 04.10.2020
4428

Марафонча югуришда 2013 йилдан бери биринчи марта янги ғолиб зафар қучди

Эфиопиялик Шура Китата 40-марта ўтказилган Лондон марафонида эркаклар орасида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, кениялик Элиуд Кипчоге 2013 йилдан бери биринчи марта марафонда ғолиб бўла олмади.

Фото: Reuters

Марафон масофаси “Сент-Жеймс” боғидаги ёпиқ ҳалқа бўйича томошабинларсиз ўтган. Китата 42,195 кмлик масофани 2 соат 5 дақиқа 41 сонияда босиб ўтди. Марра чизиғини иккинчи бўлиб кениялик Винсент Кипчумба кесиб ўтди. У ғолибга бор-йўғи 1 сония ютқазди. Маррага учинчи бўлиб яна бир эфиопиялик спортчи Сисай Лемма келди.

Мусобақада Олимпия чемпиони ва жаҳон рекордчиси Элиуд Кипчоге ғолибдан 1 дақиқа 8 сониялик кечикиш билан маррага саккизинчи бўлиб келган. Номдор спортчи 2013 йилда Берлин марафонида 2-ўринни олгандан бери 1-ўринни ҳеч кимга бермай келаётганди. Ўшандан бери Кипчоге қаторасига 8 та нуфузли марафонда ва Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада ғалаба қозонган.

Аёллар ўртасида иккинчи йил кениялик Брижид Косгей ғалаба қозонди. Унинг вақти 2 соат 18 дақиқа 58 сонияни ташкил қилди. 2-ўринни америкалик Сара Халл (+3,3 сония), 3-ўринни кениялик Рут Чепнгетич (+3,7) эгаллади.

Аввалроқ коронавирус пандемияси сабабли Бостон, Нью-Йорк, Берлин, Чикагодаги марафонлар бекор қилинганди, Токиодаги марафон эса томошабинларсиз ўтганди.

Top