17:55 / 06.10.2020
17712

«У маълум қилган коррупцион ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш керак». Акмал Бурхонов Тошкент вилояти бош инфекционисти иши бўйича муносабат билдирди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов қамоқда сақланаётган Тошкент вилояти бош инфекционист шифокори Гулжаҳон Йўлдошева маълум қилган коррупцион ҳолатларни ўрганиш зарурлигини билдирди. У бу ҳақда Kun.uz мухбирига билдирган.

«Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши унинг коррупцион ҳолатлар бўйича берган баёнотларига боғлаб, расмий муносабат билдира олмайман. Бунга, албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳуқуқий баҳо бериши керак. Лекин бир нарса айтмоқчиманки, аёлнинг коррупцион ҳолатлар бўйича берган баёнотига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши керак. Унинг ҳам ишини охирига етказиш керак», — дейди у. 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева қарийб бир ойдан буён қамоқда қолмоқда. Ҳолатга сабаб бўлган нарса эса шифокор Г.Йўлдошеванинг Kun.uz сайтига берган интервьюси, шифохонаси дучор бўлган муаммоларни гапириб бергани бўлди.

Йўлдошева унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди. Қамоқ эҳтиёт чораси танланишига унинг терговдан яширингани ва расмий ҳужжатларни нобуд қилишга урингани сабаб қилиб кўрсатилган.

Акмал Бурхоновнинг айтишича, жуда кўплаб беморлар шифохоналарда вафот этмоқда, бу борада кўплаб мурожаатлар тушмоқда. 

«Агар ҳақиқатан бу жиноий иш фуқаронинг ўлимига сабаб бўлганлиги юзасидан қўзғатилган бўлса, бошқа ҳудуд ва шифохоналарда ҳам мурожаатлар асосида келиб тушган ўлим ҳолатлари ўрганилиши керак. Унда ҳам жиноят-процессуал ҳаракат олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади», — дейди у. 

Ушбу масала юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Сенат раиси Танзила Норбоева,  Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги муносабат билдирди. Кенг жамоатчилик тергов органидан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилинишини сўрамоқда. 

Top