17:10 / 07.10.2020
25208

«Amilee Bahora» хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида фуқароларни хорижга ишга жўнатиш баҳонасида чув тушириб келган «Amilee Bahora хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбарларига суд ҳукми ўқилди.

Олий суд матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, судланувчилар - «Amilee Bahora хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ таъсисчиси ва ҳуқуқшуноси, 1970 йилда туғилган Жаҳонгир Мўминович Тоҳиров ва агентлик таъсисчиси ҳамда раҳбари бўлмиш, 1972 йилда туғилган Баҳора Шамсиевна Рауповага нисбатан суд ҳукми ўқилган.

Ушбу жиноят иши бўйича якуний суд мажлиси 2020 йил 5 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди биносида, очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи судья З.Аҳмедова, судья ёрдамчиси З.Файзиев ва Х.Раббимов котиблигида бўлиб ўтди.

Мазкур жиноят ишида жабрланувчилар сони 300 нафардан ошиқроқни ташкил этган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жаҳонгир Тоҳиров Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди, 189-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланди.

Судланувчи Баҳора Раупова ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б,в» бандлари ва 189-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланди.

Бундан ташқари, суд ҳукмига кўра, судланувчиларга тегишли бўлган Самарқанд шаҳар Регистон кўчасидаги 9-уйнинг 1-қаватида жойлашган ва 1 миллиард 3,17 млн сўмга баҳоланган 116,95 м.кв офис биноси ким ошди савдоси орқали сотувга қўйилиб, судланувчиларга алданган фуқароларга тақсимлаб берилиши ва ортиб қолган маблағ Ж.Тоҳиров ва Б.Рауповага қайтариб берилиши белгиланди.

Kun.uz мазкур агентлик фаолияти ортидан келиб чиққан норозиликларни бир неча марта ёритган. Жумладан, ўтган йил декабрь ойида, жорий йил январь ойида таҳририятга мамлакатнинг турли ҳудудларидан бўлган кўплаб фуқаролар мурожаат қилган эди. Ана ўша мурожаатларда кўплаб фуқаролар «Amilee Bahora хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ фаолиятидан норози бўлган ва сайтга интервью берганди.

Кейинчалик, кўплаб фуқароларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига қилган мурожаатлари ортидан мазкур агентликнинг лицензияси жорий йил 4 март кунидан бошлаб Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тўхтатиб қўйилган эди.

Top