21:44 / 12.10.2020
5703

Бош прокурор Хоразмда бўлиб, ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечирди

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа тузилмалардаги муаммолар ечимини топиш, пандемия шароитида тегишли секторлардаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларини кўздан кечириш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Фото: Бош прокуратура

Бош прокуратура хабарига кўра, Бош прокурор дастлаб мутасаддилар ҳамроҳлигида Урганч туманидаги 2-сектор ҳудудида фаолият кўрсатаётган «Қоромон Баракати» фермер хўжалиги даласида бўлди.

«Пахта теримида иштирок этаётган аҳоли вакилларига яратилган шароитлар, уларни моддий рағбатлантириш масалалари мулоқот марказида бўлди. Теримчилар ва фермер хўжаликлари дуч келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича тегишли сектор раҳбари ва бошқа мутасаддиларга зарур йўл-йўриқлар, қатъий кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Бош прокурор томонидан илғор теримчиларга телевизор, гилам, электропеч каби 100га яқин қимматбаҳо совғалар тарқатилди.

Ташрифнинг навбатдаги манзили Хива шаҳрида жойлашган «Болалар шаҳарчаси» бўлди. Бош прокурор мазкур маскан тарбиячи ва тарбияланувчилари билан мулоқот асносида бу ердаги шароитларни янада яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш бўйича сектор раҳбарларига кўрсатмалар берди ҳамда тарбияланувчиларга ўқув қуроллари, қишки кийим-кечаклар ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

Урганч шаҳридаги вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказидаги беморлар аҳволидан ҳам хабар олинди. Бош прокурор ушбу марказнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги билан бевосита танишиб, сектор раҳбарлари ва бошқа масъулларга мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди, тезкор равишда кўрсатилиши зарур амалий ёрдам кўламини аниқлади. Жумладан, мазкур муассасани замонавий кондиционерлар билан таъминлаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.

Шундан кейин Бош прокурор Урганч туманидаги 2-сектор ҳудудида жойлашган «Улли ҳовли» хусусий сайёҳлик корхонасига (тарихий мажмуасига) ташриф буюрди. Бу ерда сайёҳлар ва уларга хизмат кўрсатувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни янада фаол жалб этиш масалалари юзасидан масъуллар билан фикр алмашди.

Жорий йилнинг февраль ойида ишга туширилган ва ҳозирда полиэтилен трубалар ишлаб чиқараётган Урганч шаҳридаги «Ипак йўли групп» МЧЖнинг фаолияти билан яқиндан танишар экан, Бош прокурор бу каби замонавий тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилишида секторларнинг амалий кўмаги муҳим эканлигини таъкидлади. Хусусан, мазкур корхона ҳам имтиёзли асосларда банк кредитларини олиш, коммуникация тармоқларига ўз вақтида уланиш каби масалаларда секторлар билан фаол ҳамкорлик қилгани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, Бош прокурор айниқса, куз-қиш мавсумида фаолияти муҳим бўлган Урганч туманидаги «Кўмиртаъминот» МЧЖга ташриф буюриб, кўмир ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Тегишли секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга корхонани янада ривожлантириш баробарида аҳолига етказиладиган кўмирнинг сифатини назоратга олиш, унинг нархи барқарорлигига эътибор қаратиш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмаларни берди.

Хоразм вилояти ҳокимлигида Бош прокурор иштирокида ўтказилган йиғилишда эса фаолларга вилоятнинг янги прокурори Ботир Қудратхўжаев таништирилди, ҳудуддаги долзарб масалалар ечимида прокуратура органларининг тегишли тузилмалар билан ҳамкорлигининг истиқболлари белгилаб берилди», – дейилади хабарда.

Top