Жаҳон | 08:15 / 12.10.2020
6654
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонининг энг йирик банклари бирлашиш ҳақида келишиб олди 

Саудия Арабистонининг энг йирик банки National Commercial Bank (NCB) ва унинг рақобатчиси Samba Financial Group бирлашиш ҳақида келишиб олди. 

NCB Samba’нинг ҳар бир акциясига 28,45 риёл (7,58 доллар) тўлайди. Битим қиймати эса 55,7 млрд риёлга (15 млрд доллар) баҳоланмоқда. NCB акциядорларига бирлашувдан кейин ҳосил бўлган компаниянинг 67,4 фоиз, Samba’га эса 32,6 фоиз акцияси тегишли бўлади.

Саудия Арабистони банкларининг бирлашиши 2020 йилдаги энг йирик бирлашув бўлади. Янги молия гуруҳининг умумий активлари ҳажми 220 млрд долларни ташкил қилади. Бу кўрсаткич бўйича у Форс кўрфазидаги учинчи рақамли банкка айланади. Янги компания капиталлашуви эса 46 млрд долларга етади. У бу кўрсаткич бўйича минтақадаги энг йирик банк Qatar National Bank QPSC’га тенглашади.

Bloomberg ахборот агентлиги маълумотларига кўра, NBC ва Samba’нинг бирлашуви Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон томонидан эълон қилинган “Нуқтаи назар 2030” миллий дастурининг муҳим банди ҳисобланади. Ушбу дастур мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш, нефть маҳсулотлари бозорига боғлиқликни камайтириш, хизматлар, туризм соҳалари, инфратузилмани ривожлантиришдан иборат. 

NBC директорлар кенгаши раиси Саид Ал Ҳамдийнинг айтишича, янги миллий стратегия иқтисодиёт диверсификациясини молиялаштиришга қодир бўлган кучли молиявий секторни талаб қилади. 

Бирлашув янги компанияга ҳар йили 800 млн риёл (213 млн доллар) келтириши тахмин қилинмоқда. Битим 2021 йилнинг биринчи ярмида ёпилади. Ал Ҳамдий янги гуруҳнинг бошқарувчи директори бўлади, Samba бошқарув раиси Аммар Ал Худайрий эса янги банкка раҳбарлик қилади.

Мавзуга оид