20:44 / 14.10.2020
4316

Қозоғистон қиш мавсуми олдидан пропан экспортига тақиқни узайтирди

Қозоғистон энергетика вазирининг 7 октябрдаги буйруғи билан мамлакат суюлтирилган газ экспорт қилиш тақиқини 3 йилга узайтирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берган.

Ушбу буйруқ Қозоғистонда тайёрланган суюлтирилган газ мамлакатдан ташқарига ноқонуний олиб чиқиб кетилиши ва ички бозорда маҳсулот тақчиллиги юзага келишининг олдини олишга қаратилган.

Қозоғистонда суюлтирилган газ экспортига тақиқ 2017 йилда жорий қилинган ва муддати тугаётган ўша тақиқ қайтадан узайтирилди.

2017 йилда Қозоғистон экспорт ва ички бозор нархлари ўртасидаги сезиларли фарқ шароитида МДҲ бозори эҳтиёжлари учун газ тақсимлашнинг мавжуд механизмини шакллантириш, шунингдек, МДҲ бозорига газ тарқатишда суиистеъмол қилиш ҳолатларига дуч келганди.

Бундан ташқари, баъзи газни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланадиган корхоналар ички бозор эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган арзон газни ноқонуний тарзда МДҲ давлатларига экспорт қилган.

Ўшанда энергетика вазирлиги газ тармоғидаги ташкилотлар газни ноқонуний равишда газ ташувчи машиналар орқали олиб чиқиб кетганини маълум қилганди. Вазирлик Қозоғистон қўшни давлатлар билан жуда катта чегараларга эгалиги ва уларни тўлиқ назорат қилишнинг имкони йўқлигини таъкидлайди. Шу туфайли айланма йўллар билан газ ташийдиган махсус автомобилларда суюлтирилган газни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш осон бўлган.

Қозоғистон энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2017 йилда суюлтирилган газни экспорт қилишга тақиқ қўйилгач, МДҲ ички бозорига газ етказиб бериш билан боғлиқ вазият барқарорлашган. Шунингдек, Қозоғистон чегара ва божхона хизматларидан автомобиль йўллари орқали газни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар содир бўлгани ҳақида маълумотлар олинмаган.

Маълумот учун, Қозоғистонда пропаннинг бир литри ўртача 160-175 тенгедан сотилмоқда (3800-4200 сўм ўртасида). Қозоғистонда пропан экспорти тақиқининг узайтирилиши Тожикистонда ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Сентябрь охиригача 1 литри 4,3 сомонидан (4300 сўм) сотилган пропан тақиқ узайтирилиши маълум бўлгач, 4,7 сомонигача (4700 сўм) қимматлади. Таққослаш учун, бугунги кунда Ўзбекистонда пропаннинг 1 литри 4200-4500 сўмгача сотилмоқда. Одатда қиш мавсуми олдидан бу ёқилғига бўлган талаб ортади ва нархи кўтарилади.

Top