Жаҳон | 13:06 / 19.10.2020
4874
2 дақиқада ўқилади

Италияда вирусга қарши янги қоидалар эълон қилинди

Италия бош вазири Жузеппе Конте якшанба куни COVID-19 юқумли касаллиги иккинчи тўлқинини ушлаб туриш ва иқтисодиётга жиддий зарба берадиган янги ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни эълон қилди.

Жузеппе Конте / Фото: EPA

Ҳукуматнинг сўнгги чоралари янги коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони кунлик энг юқори кўрсаткичларга етиб келгани, бу эса касалхоналар ва интенсив терапия бўлимларига қўшимча босим ўтказгани сабабли қабул қилинди.

“Биз вақтни йўқотишимиз мумкин эмас, яна бир локдаунга йўл қўймаслик учун барча чораларни кўришимиз керак. Мамлакат бутун иқтисодиётни жиддий хавф остига қўядиган янги муваффақиятсизликка дош беролмайди “, деган Конте. 

Янги қоидаларга кўра, Италия шаҳар мэрлари жамоат майдонлари ва бошқа жойларни соат 21:00дан кейин ёпиш ҳуқуқига эга бўлиб, фақатгина аҳоли ва корхона эгаларига кириш ҳуқуқи берилади.

Ресторанлар ва барлар соат 00:00да ёпилади, столларга хизмат кўрсатишга эса фақат соат 18:00дан кейин рухсат берилади. Шунингдек, ресторанларда бир столда олти кишигача ўтиришга рухсат берилган.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, спорт заллари ва сузиш ҳавзалари очиқ қоладиган бўлди, аммо бош вазир улардаги вазият бир ҳафта давомида кўриб чиқилишини ва қоидаларга қатъий риоя қилинмаса, ёпилишини таъкидлади. 

Контенинг таъкидлашича, мактаблар ва университетлар очиқ қолишда давом этади, аммо кўпроқ масофадан ўқишга рухсат бериши керак. Унинг сўзларига кўра, Италия баҳорда вирус тарқалишига қарши курашда қўлланилган стратегиядан фойдаланишга қодир эмас, чунки бу мамлакатнинг эндигина оёққа тураётган иқтисодига салбий таъсир кўрсатади.

“Биз ҳам соғлиқни сақлашни, ҳам иқтисодиётни ҳимоя қилишга мажбурмиз. Ҳукумат бу ўз жойида, аммо ҳамма ўз вазифасини тўлиқ бажариши керак”, деган Конте. 

Мамлакатда коронавирус юқтириб олиш бўйича янги ҳолатлар сони якшанба куни антирекорд ўрнатди, сўнгги 24 соат ичида касалланганлар сони 11 705 кишига етди, шунингдек, интенсив терапияда даволанаётган беморлар сони ўсишда давом этмоқда. Италияда 69та янги ўлим ҳолати қайд этилиб, бу кўрсаткич 36 543 кишига етди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид