Жаҳон | 15:00 / 20.10.2020
15621
2 дақиқада ўқилади

4 йил қамоқда ўтирган Бишкек собиқ ҳокими ўз лавозимига қайтди

Фото: Sputnik /Табылды Кадырбеков

Коррупцияда айбланиб, тўрт йил қамоқда ўтирган Бишкек собиқ ҳокими Наримон Тулеев шаҳар маъмуриятига қайтди ва Қирғизистон пойтахти мэри вазифасини бажарувчига айланди. Бу ҳақда «ТАСС» шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

«20 октябрь куни шаҳар ҳокими Азиз Суракматов истеъфога чиққанидан сўнг, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Наримон Тулеев ушбу вазифани бажара бошлади», - деди агентлик суҳбатдоши. Унинг қўшимча қилишича, Тулеев ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимига бугун эрталаб тайинланган.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, илгари ушбу лавозимни Алмаз Бакетаев эгаллаган. У уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозимида иш бошлади. 

«Қонунга биноан Бишкек ҳокими шаҳар кенеши (кенгаш) депутатлари томонидан сайланади», - дея эслатган матбуот хизмати.

Тулеев 2008-2010 йилларда Қирғизистон пойтахти ҳокими бўлиб ишлаган.

2013 йилда у Бишкек ҳокими лавозимида ишлаган вақтидаги коррупция учун мол-мулки мусодара қилиниб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Унга 2008 йилда Хитойдан йўловчи автобусларни сотиб олиш, шунингдек, 200 миллион сомга махсус муниципал облигациялар чиқаришдаги ноқонуний ҳаракатлари туфайли жиноий иш очилган.

2014 йил декабрь ойида Бишкек шаҳар суди қуйи инстанция қарорини кучда қолдирди. Бир йил ўтиб Олий суд коллегияси ҳам ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Нариман Тулеев 2016 йилда амнистияга тушиб, давлатга 30 миллион сом (375 минг доллар) миқдорида етказилган зарарни тўлаб берганидан кейин озод қилинган. 

Мавзуга оид