Жаҳон | 21:08 / 20.10.2020
2189
2 дақиқада ўқилади

Индонезия ҳалол маҳсулотлар бозорида асосий «ўйинчи» бўлишни мақсад қилмоқда

Индонезия вице-президенти сешанба куни ўз мамлакатининг ҳалол саноати улкан ички эҳтиёжларни қондиришдан ташқари, ҳалол маҳсулотларнинг глобал савдосидаги ролини кенгайтириши кераклигини айтган.

Фото: Anton Raharjo

Маъруф Амин виртуал мунозарада сўзга чиқиб, Индонезия глобал ҳалол маҳсулотларнинг истеъмолчиси бўлиб қолаётгани ва 2018 йилда ҳалол озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотларига умумий харажатлар 214 миллиард долларни ёки дунёдаги ҳалол маҳсулотларнинг 10 фоизини ташкил этганини таъкидлаган.

«Биз бошқа мусулмон мамлакатларга нисбатан энг кўп истеъмолчи мамлакатмиз.

Индонезия 2018 йилда 2,2 триллион долларга ташкил этган ва 2023 йилда 3 триллион долларга ўсиши кутилаётган глобал ҳалол бозорнинг имкониятларидан унумли фойдаланиши керак.

Биз бугунги кунда умумий бозорнинг 3,8 фоизини ташкил этадиган экспорт ҳажмини ошириш орқали жаҳон ҳалол бозори салоҳиятидан фойдаланишимиз керак», деган Амин.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат Индонезия ҳалол саноатининг ўсишини ривожлантириш учун микро ва кичик бизнес учун ҳалол сертификатлаш нархини пасайтириш ва кичик бизнесга киришни осонлаштириш устида иш олиб бормоқда.

Мамлакатнинг ҳалол сайёҳлик саноати дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, мусулмон мода саноати 3-ўринни, исломий молия саноати эса 5-ўринни эгаллаган.

«Бироқ ҳалол озиқ-овқат ва ичимликлар саноати соҳасида Индонезия 2019-2020 йилларда глобал ислом иқтисодий ҳисоботига кўра биринчи ўнликка ҳам кирмади», дея хабар берган кичик ва ўрта корхоналар вазири Тетен Масдуки.

Шунингдек, Дин ишлари вазири Фачрул Розий кўп одамлар миллий ва глобал миқёсда ҳалол маҳсулотларга эътибор бериши, шунинг учун ҳалол маҳсулот ишлаб чиқариш саноати имкониятлар келажакдаги глобал иқтисодиёт учун жуда ҳам истиқболли соҳа ҳисобланишини қўшимча қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид