Ўзбекистон | 15:10 / 22.10.2020
1973
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ республикадаги ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчи бўлиб “Fitch Ratings” халқаро агентлигининг кредит рейтингига эга бўлди

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти “Fitch Ratings” ва “Standard and Poor’s” халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистон Республикасига суверен кредит рейтинги баҳоси тегишли тартибда “BB-” (барқарор) ва “B+” (барқарор) даражаларида берилди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг молиявий барқарорлигини ва инвестицион жозибадорлигини аниқлаш мақсадида, жорий йилнинг июнь ойида Жамиятнинг халқаро кредит рейтингини олиш учун жаҳоннинг етакчи “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги билан шартнома имзоланди.

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг нафақат молиявий-иқтисодий ҳолатини ўрганди, балки унинг корпоратив бошқарув тизимини, бизнес стратегиясини, ички норматив ҳужжатларининг юритилиши ва бошқа йўналишларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилди.

Чуқур таҳлиллар ҳамда корхоналар фаолиятининг белгиланган маъёрлар асосида баҳоланиши натижасида, куни кеча “Ўзбекгидроэнерго” АЖ республикада ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчи бўлиб “Fitch Ratings” халқаро кредит рейтингининг “B+” (барқарор) даражасини қўлга киритди. Мазкур рейтинг даражаси, “Ўзбекгидроэнерго” АЖни жаҳоннинг машҳур инвесторлар бозорларига танитишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қўлга киритилган мазкур ютуқ, келгусида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг иқтисодий барқарорлигини янада оширишга хизмат қилади ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвестицияларни давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри жалб қилиш имкониятини беради.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ушбу ютуқ билан чегараланиб қолмайди, келгуси йилларда “Fitch Ratings” халқаро агентлигининг тавсиялари бўйича рейтинг даражасини янада ошириш ҳамда уни барқарор сақлаб қолиш йўлида изчил ва жадал фаолиятни давом эттиради.

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ Матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид