Россия Идлибда Туркия қўллаб-қувватлаётган жангариларга авиазарба берди
Ўлдирилган жангарилар Туркия қўллаб-қувватлайдиган «Файлақ аш-Шом» гуруҳи аъзолари бўлган.
Суриянинг Идлиб вилоятида Россия кучлари берган авиазарба натижасида Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳнинг 50дан ортиқ аъзоси ўлдирилди, ўнлаб жангарилар яраланди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига асосланиб BBC хабар берди. Қайд этилишича, ушбу ҳужум март ойида Россия ва Туркия воситачилигида тузилган Идлибдаги сулҳ битимини хавф остига қўйиши мумкин.
Зарба «Файлақ аш-Шом» гуруҳининг Туркия билан чегара яқинидаги Харим аҳоли масканида жойлашган лагерига берилган. Суриянинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилувчи Британиядаги марказининг маълумот беришича, 78 киши ҳалок бўлган.
Ташкилотнинг қайд этишича, жароҳатланганларнинг аксарияти оғир аҳволда ва қурбонлар сони ошиши мумкин.
Идлиб вилояти Суриядаги исёнчи ва жангариларнинг сўнгги таянчи эди. Сурия армияси ва жангарилар ўртасида тузилган сулҳ битими бугунга қадар деярли бузилмаганди.
Сулҳ келишуви эълон қилинганидан сўнг Туркия Сурия президенти Башар Асад билан алоқадор ҳар қандай кучларнинг ҳужумига жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирганди.
Айрим таҳлилчилар бугунги авиазарба Тоғли Қорабоғдаги низода Озарбойжонни қўллаб-қувватлаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Москванинг огоҳлантириши деб ҳисобламоқда.
Урушга қадар Идлибда олти минг квадрат километр майдонда бир ярим миллиондан озроқ аҳоли истиқомат қиларди. Эндиликда икки бараварга қисқарган ҳудудда (қолган ярмини Россия ёрдамида Асад қўшинлари эгаллаган) 3 миллионга яқин киши, жумладан, бир миллион нафар бола яшамоқда.
2018 йил сентябрда Россия, Туркия ва Эрон Идлибда ўт очишни тўхтатишга келишиб олганди. Вилоятни Туркия қўл остидаги Сурия мухолифати назорат қилиши режалаштирилганди.
Москва ва Дамашқ ушбу ваъда бажарилмагани, Идлиб «Ҳайат Таҳрир аш-Шом» гуруҳининг қалъасига айланиб қолганини таъкидламоқда. БМТнинг Суриядаги вазият бўйича январдаги ҳисоботида жангарилар сони 12-15 минг нафар атрофида деб баҳоланган.
2019 йил декабри-2020 йил февралида Асад қўшинларининг Россия қўллаб-қувватлови остида Идлибга қилган ҳужуми натижасида бир миллионга яқин суриялик Туркия чегараси яқинига кўчиб ўтганди.
Аввалроқ Human Rights Watch ташкилоти 2019 йил апрелидан 2020 йил мартигача амалга оширилган 46та зарбани таҳлил қилиб чиқиб, Идлиб вилоятининг Россия армияси ва Асад кучлари томонидан бомбардимон қилиниши ҳарбий жиноятга тенг эканлигини, чунки юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини билдирганди.
Мавзуга оид
09:59
Британиянинг энг йирик банки Россиядан тўловларни қабул қилишни тўхтатди
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:37 / 22.11.2024