16:55 / 26.10.2020
11486

Трамп Байденга қарши: Президентлик кампанияси факт ва рақамларда

АҚШда президентлик кампанияси якунига етишига бир ҳафта вақт қолди. 3 ноябрь куни сайловчилар ўзлари танлаган номзод учун овоз беришади. Сайлов кампаниясига ким қанча маблағ сарфлади, кимнинг имконияти юқори?

Дональд Трамп ва Жо Байден / Фото: Getty Images

АҚШ президентлиги ва вице-президентлигига номзодлар

Республикачилар

Дональд Трамп – президентликка номзод, 74 ёшда

Майкл Пенс - вице-президентликка номзод, 61 ёшда

 Демократлар

Жо Байден – президентликка номзод, 77 ёшда

Камала Харрис - вице-президентликка номзод, 56 ёшда

Бу йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари

Коронавирус эпидемияси боис америкаликларнинг аксарият қисми почта орқали овоз бериши кутилмоқда. Овоз беришга бир ҳафта қолганида 50 миллиондан ортиқ сайловчи ана шундай йўл тутди. Айрим штатларда ариза билан почта орқали овоз бериш мумкин, айримларида эса бюллетень жойланган хатжилдлар барча сайловчиларга жўнатилмоқда, қандай тарзда овоз беришни эса сайловчиларнинг ўзлари ҳал қилади.

Почта орқали овоз бериш сабабли сайловнинг якуний натижалари кечикиши мумкин. Бундай тарзда берилган овозларни санаш қийинчилик туғдиради. Биринчидан, айрим штатларда қисқа муддат ичида барча хатжилдларни очиб кўриш учун инфратузилма йўқ ёки ходимлар етарли эмас. Бундан ташқари, баъзи штатлар қонунчилигига кўра, почта орқали берилган овозларни овоз бериш кунидан олдин ҳисоблаш мумкин эмас.

Номзодларнинг сайловолди ваъдалари

Иқтисодиёт

Трамп

  • Компаниялар даромадига солинадиган солиқлар миқдорини пасайтиришга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш
  • АҚШнинг хориждаги ишлаб чиқаришларини мамлакатга қайтариш учун қўшимча солиқ имтиёзларини киритиш
  • Бизнес, хусусан, энергетика соҳасида мувофиқлаштириш чораларини либераллаштириш
  • Янги президентлик муддатининг дастлабки 10 ойи ичида 10 млн иш ўрни яратиш

Байден

  • Йиллик даромади 400 минг доллардан ошадиган уй хўжаликлари ва корпорациялар учун солиқ миқдорини ошириш
  • Минимал иш ҳақи миқдорини соатига 15 долларгача кўтариш
  • Инфратузилмани янгилаш учун ўн йил давомида 1,5 трлн доллар ажратиш
  • Иш ўринларини АҚШга қайтариш учун чоралар кўриш
  • Касаба уюшмалари таъсирини кучайтириш ва ишчиларни касаба уюшмаларига жалб этишни кучайтириш

 Коронавирусга қарши кураш

Трамп

  • Иқтисодиёт тўхтаб қолишига йўл қўймаслик
  • 2020 йил охиригача вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш
  • Хитойни вирус тарқатганлиги учун жавобгарликка тортиш

Байден

  • Корхоналарни санитария талабларига риоя қилган ҳолда очиш
  • Коронавирус тестлари ўтказиш ва касалликни даволаш учун давлат харажатларини кўпайтириш
  • Касалликларни мониторинг қилиш хизматини ташкил этиш

 Ташқи сиёсат

Трамп

  • Хитойга нисбатан киритилган божларни ўз кучида қолдириш ва Хитой билан савдо бўйича фойдали келишувга эришиш
  • Яқин Шарқ ва Европада АҚШ ҳарбийлари сонини қисқартириш

Байден

  • Трамп Хитойга қарши киритган импорт божларининг самаралилигини таҳлил қилиш
  • Транстинчокеани ҳамкорлиги бўйича ислоҳ қилинган келишувга қўшилиш имкониятини ўрганиб чиқиш
  • АҚШни Эрон билан келишувга қайтариш
  • Европа ва НАТОдаги иттифоқчилар билан муносабатларни яхшилаш

 Россия билан муносабатлар

Трамп

  • Қуролланиш устидан назорат бўйича Россия ва Хитой билан янги шартнома тузиш
  • Европа мамлакатларининг Россия энергетикасига қарамлигини камайтириш чораларини кўриш
  • Nord Stream-2 газ қувури қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш

Байден

  • Россия билан ракеталар сонини қисқартириш бўйича шартномани узайтириш
  • Россияни мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши бўйича жавобгарликка чақириш

 Кимлар Трампга овоз беради?

  • 50–65+ ёш
  • Эркаклар
  • Оқ танли протестант-евангелиячилар
  • Ўрта маълумотга эга, айримлари коллежни тамомлаган
  • Уйланганлар
  • Қишлоқ аҳолиси

2016 йилда Дональд Трампга овоз берган

 Кимлар Байденга овоз беради?

  • 18–49 ёш
  • Аёллар
  • Атеистлар
  • Коллежни тамомлаган ва даражага эга
  • Бўйдоқлар
  • Йирик шаҳарлар аҳолиси

2016 йилда Хиллари Клинтонга овоз берган

Номзодларнинг сайловолди кампаниясидаги харажатлари

Трамп

1,57 млрд доллар йиғилган, 1,49 млрд доллар сарфланган

221 млн доллар – ОАВдаги материаллар учун, 219 млн доллар – интернетдаги реклама учун

 Байден

1,51 млрд доллар йиғилган, 1,29 млрд доллар сарфланган

237 млн доллар – ОАВдаги материаллар учун, 143 млн доллар – интернетдаги реклама учун

АҚШда президент сайлови қандай ўтади?

АҚШ сайлов тизимининг ўзига хослиги шундаки, ғолиб сайловчилар томонидан эмас, танловчилар ҳайъати томонидан аниқланади. Яъни икки босқичли тизим амал қилади: сайловчилар сайлов участкасида партиялардан кўрсатилган номзодларни танлашади, аммо охирги сўзни 14 декабрда штатлардан бўлган танловчилар айтади.

Танловчилар 538 нафар бўлиб, ғолиб бўлиш учун 270та овоз тўплаш лозим. Танловчилар сони ҳар бир штатнинг аҳолиси сонидан келиб чиқиб тақсимланади – аҳолиси энг кўп штат ҳисобланувчи Калифорния 55 нафар танловчига эга. Иккинчи йирик штат – Техасда 38 нафар, Нью-Йорк ва Флоридада эса 29 нафардан танловчи бор. Номзод умумий сайловда кам овоз олиши, лекин маълум бир штатлардаги ғалабаси эвазига сайловда ғолиб чиқиши мумкин.

Штатлар танловчиларининг овозлари қайси номзодга берилиши «ғолиб барчасини олади» тамойили асосида аниқланади. Агар Трамп Техасда кўп овоз тўпласа, ушбу штатнинг барча танловчилари (38 нафар) унга овоз беришлари лозим.

XX аср бошидан бери штат аҳолиси қўллаб-қувватлаган нрмзодга овоз беришни бор-йўғи 15 танловчи рад этган. 2016 йилда бундай танловчилар етти нафар бўлган. Улар ўз овозларини сайловда қатнашмаган давлат департаментининг собиқ раҳбари Колин Пауэлл, сенатор Берни Сандерс ва бошқаларга беришган.

Фақат иккита штат – Мэн ва Небраскада «ғолиб барчасини олади» қоидаси амал қилмайди. Мэн штатида танловчиларнинг иккита овози штат бўйича энг кўп овоз йиққан номзодга ўтади, яна иккита овоз эса алоҳида округларнинг ҳар бирида ғолиб бўлган номзодга ўтади. Небраскада ҳам шунга ўхшаш тизим бўлиб, фақат у ерда алоҳида округлар сони учта ва натижада ушбу штатдан танловчиларнинг умумий сони бештага тенг. Яна бир истисно — штат ҳисобланмайдиган Колумбия федерал округи, аммо у танловчилар ҳайъатида учта овозга эга.

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top