Жаҳон | 00:02 / 27.10.2020
9068
2 дақиқада ўқилади

Ойнинг кўринадиган томонида сув излари аниқланди

Ойнинг SOFIA учар телескопи ёрдамида тадқиқ қилиниши давомида унинг кўринадиган томонида биринчи марта сув излари аниқланди. Бу ҳақда NASA коинот агентлиги маълум қилди.

Фото: NASA

Ойдаги сув излари Германия ва АҚШнинг SOFIA стратосфера обсерваториясида ўтказилган тадқиқот давомида аниқланди

“Биз SOFIA телескопидан олинган маълумотлар эвазига Ойнинг Қуёшга қараган томонида сув борлигини биринчи марта тасдиқлай оламиз. Ҳозирча, биз бу сувни ишлата олишимизни билмаймиз. Ойда сувни излаш Artemis дастури (Ойга 2024 йилда фазогирларни қўндириш дастури) доирасидаги тадқиқотларимиз учун муҳим аҳамиятга эгадир”, деб маълум қилган агентлик раҳбари Жим Брайденстайн.

Аввал Ойда сув Қуёш томонидан қизимайдиган қоронғи томонидаги кратерларда бор бўлиши мумкин, деб ҳисобланган. 

NASA Artemis (Артемида) дастури доирасида 2024 йилда Ойга астронавтларни чиқармоқчи ва муз кўринишидаги сув захиралари бор бўлиши мумкин бўлган жанубий қутбида тадқиқотлар ўтказмоқчи.

1970 йилларда собиқ иттифоққа қарашли зонд Ой сиртида биринчи марта сув изларини қайд қилган. 1990 йилларда эса NASA’нинг Clementine зонди Ой қутблари яқинида муз аниқлаган. 2018 йилларда NASA Ойда шубҳасиз сув борлигини, бироқ унинг захиралари ўлчамлари охиригача ўрганилмаганини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид