Жаҳон | 14:34 / 29.10.2020
28960
4 дақиқада ўқилади

Беларусдаги намойишлар: Лукашенко ички ишлар вазирини алмаштирди

Александр Лукашенко мамлакат Ички ишлар вазирлигига янги раҳбар тайинлади. Бу лавозимни шу вақтга қадар Минск ИИББ раҳбари бўлиб ишлаган Иван Кубраков эгаллади. Сўнгги бир йилдан ошиқ вақт давомида ИИВ раҳбари бўлган ва намойишлар вақтида қатъий баёнотлари билан танилган Юрий Караев президент ёрдамчиси - Гродно области бўйича инспектор бўлди. Караев нималар билан ёдда қолди?

Александр Лукашенко ва Юрий Караев / Фото: БелТА / ТАСС

Муҳим ўзгаришлар

Лукашенко яна иккита муҳим лавозим раҳбарларини алмаштирган. Қарийб саккиз йил давомида КГБ раҳбари бўлган, сентябрь ойи бошида Беларусь хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланган Валерий Вакульчик президентнинг Брест области бўйича ёрдамчисига айланган. Ички ишлар вазири ўринбосари сифатида ишлаб келган Александр Барсуков эса Минск бўйича инспектор лавозимига тайинланган.

Бу тайинловлар ҳақида эълон қилар экан, Лукашенко август ойидаги президентлик сайловларидан кейин бошланган норозилик намойишларини эслаб ўтган.

«Мен кадрлар масаласида қарорлар қабул қилди, сиз учалангиз нафақат хавфли, балки мамлакатимиз учун жуда масъулиятли бўлган ҳудудларга йўл оласиз. Вазият қандай тус олишини ҳали билмаймиз», – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган БЕЛТА давлат агентлиги.

«Нима учун сиз? Сиз ҳарбий одамларсиз, барчасидан хабардорсиз, сизларга ўргатиш шарт эмас», дея қўшимча қилган Лукашенко.

«Бу ҳам уруш»

54 ёшли генерал Юрий Караев 2019 йил июнидан буён ИИВни бошқариб келаётганди, у муқаддам махсус топшириқли бўлинмаларга раҳбарлик қилган.

Караев шу йил августида президентлик сайловлари натижалари ортидан бошланган норозилик намойишлари вақтидаги кескин баёнотлари билан ёдда қолди.

«Улар намойиш қилиш учун нимагадир қарши чиқишди. Ички ишлар органларида бағрикенг ва тинчликсевар одамлар хизмат қилишади, лекин биз оммавий тартибсизликларга қарши жиддий тайёргарлик кўрамиз, чунки бу давлатчиликка зарар етказиши мумкин. Биз буни бошқа давлатлар мисолида кўп кўрганмиз, тинч намойишлар охир-оқибат давлат йўқ бўлишига олиб келиши ҳам мумкин. Биз бунга қарши чиқдик.

Бу ҳам уруш, яширин гибрид уруш, афсуски унда бизнинг фуқароларимизни сотиб олишди», – деганди вазир шу ҳафтада «Беларусь 1» телеканали эфирида.

Сентябрь ойида Караев намойишчилар тажовузкорликни кучайтиришса, милиция бунга жавобан қурол қўллаши мумкинлигини истисно этмаганди.

У ҳукумат намойишчилар орасига кириб олган гуруҳларни пайқагани ҳақида гапирганди. «Улар футбол фанатларига, анархистларга ўхшайдиган жангчилар. Уларнинг сони 9-10 нафар», – деганди август ойида Караев.

Август ойи охирида Караев Россиянинг RT телеканалига берган интервьюсида ички ишлар органлари сафидан бўшаб, намойишчиларга қўшилганларни хоинлар деб атаганди.

«Улар яхши йигитлар бўлиши мумкин, аммо уларда оқиллик, матонат, билим етарли эмасди. Кимдир истамаса, рапорт ёзиши мумкин, улар эса намойишкорона погонини, нишонлари ва шахсий гувоҳномаларини ташлаб юборишди - бу қанчадир ваъда қилинган маблағ эвазига бўлган. Ёки иккинчи сабаб ҳам бор - машҳур бўлиш, аммо бу қандайдир заифликдир», деганди у.

21 август куни Караев Рим-католик черковининг Беларусдаги раҳбари Тадеуш Кондрусевич билан учрашганди, кейинроқ уни мамлакатга киритмай қўйишди.

«Уларнинг барча сарлавҳалари, можароли мақолалари ва видеолари ички ишлар органларини обрўсизлантиришга қаратилган. Жабрланган милиционерлар ҳақида ёзилмаган. Фақат сўнгги бир кун ичида милиция ходимларидан бир нечасининг устига автомобил билан юриб борилган. Улар ҳозир оғир аҳволда госпиталда ётишибди», дея шикоят қилганди вазир архиепископга.

Шу билан бирга, ИИВ ОАВда ва жабрланувчилар томонидан айтилган зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни рад этган.

Октябрь ойи бошида ЕИ давлатлари Беларусь ҳукуматининг 40 нафар вакилини санкциялар рўйхатига киритганди. Лукашенко - бу рўйхатда йўқ. Ички ишлар вазири эса ҳам ЕИнинг, ҳам Американинг санкцияларига дучор бўлган.

Мавзуга оид