Жаҳон | 16:59 / 29.10.2020
18705
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонликлар Алматидаги АҚШ консулхонаси олдида намойишлар уюштирмоқда

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги АҚШ бош консулхонаси олдида 20 га яқин маҳаллий фаоллар намойиш уюштирди. Маълум қилинишича, улар АҚШда «Борат» ва «Борат-2» фильмларини намойишини тақиқлашни талаб қилишган.

Фото : Zakon.kz

Йиғилганлар «Америкада яшовчи қозоқларни таҳқирлашни бас қилинг!» деб ёзилган плакат кўтариб олган. Шунингдек, улар рамзий маънода фильм қаҳрамони «Борат»ни тобутга солиб, АҚШ байроғи билан ўралган ҳолда консулхона олдига олиб келишган.

«Ҳеч бир қозоқ ўз қизига нисбатан бундай бузуқлик қилмаган, бу ҳурматсизлик. Биз АҚШ элчихонасидан бу фильм намойишини тўхтатишини сўраймиз. Ахир, улар бизни меҳмондўст ва яхши халқ эканлигимизни биладику… Агар фильм кўрсатмоқчи бўлсанг, яхши фильм кўрсат», – дейди фаоллардан бири.

Намойишчилардан яна бири эса «Борат» муаллифи Саша Барон Коэн фильмда Қозоғистон назарда тутилмаганини таъкидлади. «Агар Саша Барон фильмда қозоқларни назарда тутмаган бўлса, фильм намойишини бекор қилсин», – дейди у.

Шунингдек, фаоллар петиция имзолаб, уни бош консулхона олиб қолишини талаб қилишган. Лекин намойишчилар олдига ҳеч ким чиқмагач улар «Америка шарманда!» дея бақира бошлаган. Тўпланганлар консуллик петицияни қабул қилмагунича тарқалмаслигини маълум қилишган.

Аввалроқ 23 октябрь куни ҳам алматиликлар АҚШ консуллиги олдида тўпланиб, дипломатларга «Борат» фильмининг иккинчи қисмини намойиш қилинишига қарши петицияни топширган эди. Бундан ташқари улар фильм муаллифи ва актёр Саша Барон қозоғистонликлардан узр сўрашини талаб қилган.

Дипломатлар ўша куниёқ бу фильмнинг яратилишида АҚШ ҳукумати иштирок этмаганини айтиб, петицияга муносабат билдиришган.

Хорижий нашрларнинг ёзишича, фильмда республикачилар ва шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда унинг сайловлардаги рақиби Жо Байден оиласининг хулқи ҳам танқид остига олинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид