22:43 / 29.10.2020
24041

Европа яна карантинга ёпилмоқда. Биз қандай йўл тутишимиз керак?

«Кун. Муносабат.» бу сафар коронавирус муаммосига бағишланди. Дунёда вазият яна ёмонлашяпти. Европа яна карантин қоидаларини жорий этмоқда, аммо минтақа аҳолиси бу қоидаларга риоя қилишга қарши. Айни пайтда, инсоният вирусга кўникди, ҳатто қўрқмай қўйди.

Хўш, Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак? Kun.uz журналисти, олий маълумотли шифокор Аброр Зоҳидов ушбу мавзуда муаллиф ва бошловчи Бобур Акмалов билан суҳбатлашди.

Aброр ака, мавзу борасида нима дея оласиз?

– Aслида, пандемияга қарши кураш нуқтаи назаридан айни пайтдаги ҳолатимиз 1-2 ой олдинги давр ёки баҳордагидан оғирроқ. Чунки касалланиш олдингидан анча кўп. Бундан ташқари, реал маълумотлар деярли йўқ. Расмий маълумотларга ишонч бутунлай йўқолиб бўлган. Бошқа маълумотнинг эса ўзи йўқ. Бу – одамларда касалликка нисбатан бутунлай лоқайдлик келтириб чиқаряпти.

Одамлар худди энди бу касаллик бизнинг ҳаётимизда доимий бўлгандек, касалликни енгиб, хоҳлаганча кўчага чиқиб, ишимизни қиламиз, деган фикрга келишди чоғи.

Европадаги норозиликларга келсак, улар касалликнинг оғир даврини бошдан кечириб ўтказишди. Уларнинг тиббиёти ҳам бизга нисбатан анча ривожланган. Улардаги норозиликларнинг асосий сабаби аҳолининг иқтисодий муаммоларига бориб тақалади. Аҳоли даромадининг катта қисмини туризм ташкил қиладиган давлатларда шундай норозиликлар пайдо бўлиши табиий.

Демак, аҳолимиз ўзини тутиши тўғрими?

– Ҳаммаси вазиятни биз қандай қабул қилаётганимизга боғлиқ.

Вируснинг хавфли жиҳати шундаки, ҳалигача ҳатто ЖССТ ягона бир позицияни ишлаб чиқолмади. Биз бу касалликка қарши курашда бошидан охиригача энг қатъий чоралар билан яшашимиз керакми, бир мартадан касалланиб, вақтинчалик иммунитет яратиб олишимиз даркорми ёки барча ҳаракат вакцина яратишга қаратилиши керакми,  бу бўйича аниқ бир фикр йўқ.

Шу ноаниқлик ҳар бир давлатнинг ўзича чора кўришига олиб келяпти.

– Муолажа жараёнлари ҳам ҳаммада ҳар хил...

– Энг хавфли жиҳатлардан бири ҳам шунда. Дунёнинг энг катта фармкомпаниялари ўртасида дориларни илгари суриш бўйича пойга кетяпти. Бу борада ОAВ ҳушёр бўлиши керак. Қай бир ишончли ОАВ жуда яхши самара бераётган дори тўғрисида маълумот беради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кимдир бу дорининг аслида самара бермаётганини айтади, лекин шу 10-15 кун ичида одамзотда қандайдир умид уйғонади. Соғлиқни сақлаш муассасалари, давлатлар ўша дорини катта миқдорда сотиб олади.

Буни пандемиядай оғир шароитда ҳам бизнес шахдам қадамлар билан одимламоқда, деб изоҳлаш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига деярли ишонч қолмади, расмий статистикага ҳеч ким ишонмаяпти. Касалликка деярли кўникиб бўлдик. Ҳозирги коронавирусдан ташқари грипп ва бошқа юқумли касалликлар кўпаядиган пайтда ҳар қандай чақириқларни бир четга суриб, онгли тарзда сиз, мен, аҳоли қандай йўл тутганимиз маъқул?

– Ҳозир бир синов устига яна 3-4 синов қўшиляпти. Aслида ҳам кўпчилик касалланадиган мавсумга кириб келяпмиз. Биз ҳали коронавирус ва грипп қўшилиб келганида нима бўлишини билмаймиз. Чунки грипп йил бўйи давом этса ҳам, мавсумида оғир кечади.

Бундан ташқари, коронавирус қишда ўзини қандай тутишини ҳам билмаймиз. Демак, одатдаги ниқоб тақиш, қўлни ювишга риоя қилиб, инсон ўз эҳтиётини қилиши керак.

Пандемия инсон тиббиёти ҳар қандай кучли давлатда яшаётган бўлса ҳам, ўз соғлиғи ўзига кераклигини англатди. Тўғри, давлат ҳаракат қилади, лекин касаллик росмана авжига чиққанда ҳаммаси бекор – инсон ўзи учун ўзи ҳаракат қилишига тўғри келади.

– Стационар даволаш тизими ҳақида негатив фикрлар тобора кўпроқ янграяпти. Шундан келиб чиқсак, уйда даволаниш энг тўғри йўлмикин?

– Бу касаллик тўлиқ ўрганилмагани учун уйда даволаниш ҳам хавфли бўлиши мумкин. Сабаби, оғир ҳолат юз берса, уйда ёрдам беришнинг иложи бўлмаслиги эҳтимоли бор. Бироқ тизимдаги юклама шу даражага етганки, бу – иложсизликдан қилинган чора. Бунга ҳозир бошқачароқ тус берилмоқда. Яъни «енгил ҳолатларда», «ўзингизнинг эҳтиётингиз учун», деб айтиляпти.

Иккинчи томондан, ўша шифохонадаги оғир ҳолатлар, врачлар етишмаслиги сабаб одамларнинг ўзи ҳам мурожаат қилмаяпти. Яна бир қизиқ жиҳати – одамларда касаллик расман аниқлангандан кейин ҳам улар бунга реакция билдиришмаяпти.

«Шифохоналарда шифокорлар қарашмаяпти», «Беморлар кўп ўляпти», деган гапларни кўп қайтаришади. Aгар бемор кечикиб борадиган бўлса, вақтида МСКТда ўзини текширтириб, зудлик билан шифохонага бормаса, ҳеч қандай шифокор ёки клиника беморни оғир ҳолатдан чиқаролмайди.

Одамларнинг кечикишида эса нафақат одамлар, балки тизимдаги иш нотўғри ташкил қилингани ҳам сабабчи.

Top