16:00 / 30.10.2020
9134

Жапаров мамлакатдаги вазирлик ва идоралар сонини қисқартирмоқчи

Садир Жапаров кадрлар хизматига "бутун давлат бошқарув тизимини қайта тузиш" топшириғини берди.

Фото: gov.kg

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаров вазирлик ва идоралар сонини қисқартириш ҳамда давлат бошқарув тизимини қайта тузиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда республика ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

"Биз вазирлик ва идоралар сонини минимумгача қисқартиришимиз лозим. Олинган таълим эгалланган лавозимга қатъиян мувофиқ бўлиши шарт. Инженер шифокор, ўқитувчи эса молиячи бўлолмайди. Ҳар бир киши ўз ўрнида фойда келтириши лозим", - деди Жапаров.

Жапаров кадрлар хизматига "бутун давлат бошқарув тизимини қайта тузиш" топшириғини берди.

"Мустақилликнинг 30 йиллиги давомида мамлакат кадрлар бошбошдоқлигига ботиб қолди, одамлар лавозимга малакавий талаб бўйича эмас, балки қариндошлиги бўйича тайинланди. Танловлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиб, иқтисодчи лавозимига гуманитар мутахассисликка эга одам олинди", - деди у.

15 октябрь куни Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлигидан истеъфога чиққанди.

Президентнинг истеъфосидан кейин, Конституцияга кўра, давлат раҳбарининг барча мажбуриятлари парламент спикери Канат Исаевга ўтиши керак эди. У бу ваколатдан воз кечгач, президентлик ваколатлари Садир Жапаровга ўтди.

Жапаров 10 январда бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги президент сайловида иштирок этиш учун ваколатларидан воз кечмоқчи эканлигини маълум қилди.

Top