Ўзбекистон | 18:38 / 31.10.2020
10224
1 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги серқатнов кўчага замонавий ер усти кўприги қурилмоқда

Андижон шаҳри марказидаги Регистон майдони ва Марказий деҳқон бозори атрофидаги кўчаларда доим тирбандликлар юзага келиб, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ноқулайликлар юзага келаётган эди. Мазкур муаммоли ҳолатни ҳал қилиш мақсадида Мустақиллик кўчасининг Регистон майдони ва Марказий деҳқон бозори ўртасига замонавий кўринишдаги ер усти кўприги бунёд этилмоқда.

“Мазкур кўприкнинг баландлиги 7, узунлиги 48 метр бўлиб, иншоот аҳолига қулайлик яратиш билан биргаликда, шаҳар ҳуснига кўрк қўшадиган замонавий архитектура ечимига эга бўлади. Республика бюджетидан 2 млрд, 713 млн миқдорида ажратилган маблағ эвазига бунёд этилаётган мазкур кўприк қурилиш ишлари “Андижон кўприклардан фойдаланиш” корхонаси томонидан олиб борилмоқда. Ер усти кўпригининг алоҳида жиҳатларидан бири шундаки юқорига кўтарилиши қийин бўлган нуронийлар ва бошқа имконияти чекланган инсонлар учун икки томонига лифт қурилади”,  – дейди Андижон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дилмурод Тўрақулов.

Қурилиш ишларини олиб бораётган “Андижон кўприклардан фойдаланиш” корхонаси вакиллари ер усти кўприги 2021 йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилганлигини маълум қилди.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид