21:46 / 01.11.2020
3992

Германия иккинчи локдаундан 19,3 миллиард евро йўқотиши мумкин

Германияда пандемия сабабли такроран киритиладиган қаъий чекловлар оқибатида мамлакат иқтисодиёти 19,3 млрд евро йўқотиши мумкин. 

Фото: EPA-EFE

Берлиндаги Иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW) ҳисоб-китобларига кўра, ресторан ва меҳмонхона бизнеси қолган соҳаларга нисбатан кучлироқ жабр кўради. Ушбу соҳаларнинг йўқотишлари 5,8 млрд еврога баҳоланмоқда. Бу йўқотишлар ушбу соҳаларнинг чораклик даромадининг 55 фоизга яқинини ташкил қилади. Кейинги ўринни мамлакат саноати эгаллаб, унинг йўқотишлари 5,2 млрд долларга баҳоланган.      

Шунингдек, маданият, кўнгилочиш ва спорт соҳалари 2,1 млрд евро, савдо соҳаси 1,3 млрд евро йўқотади. Логистик компаниялар, кинотеатрлар ва корпоратив хизматлар кўрсатувчи компанияларнинг умумий йўқотишлари 4,9 млрд долларга баҳоланган.  

Шу билан бирга, чекловларнинг иккинчи тўлқини мамлакат меҳнат бозорига катта таъсир кўрсатмаслиги прогноз қилинмоқда. Йил охиригача ишсизлар сони 100 мингга кўпаяди. Баҳордаги чекловлар вақтида 630 мингдан кўпроқ немис ишини йўқотганди.

DIW президенти Марсель Фратцшернинг таъкидлашича, экспертлар Германия ялпи ички маҳсулоти 2021 йилда сезиларли ўсишини кутишмоқда. Бироқ бу коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқинини яқин вақт ичида тўхтатишга муваффақ бўлинсагина юз беради. 

Аввалроқ Германия канцлери Ангела Меркель мамлакатда қатъий карантин ва янги чекловлар киритилишини эълон қилганди. 2 ноябрдан Германияда умумий овқатланиш шохобчалари, барча кўнгилочар масканлар ва ташкилотлар, гўзаллик салонлари, массаж хоналари ёпилади.  

Меҳмонхоналарга сайёҳларни қабул қилиш тақиқланади. Дўконлар чекловлар билан ишлашда давом этади, таълим муассасалари ҳам очиқ қолади. Шунингдек, 10 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланади. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top