Жаҳон | 09:11 / 28.05.2026
2422
2 дақиқада ўқилади

Германия Канадага сувости кемаларини таклиф қилмоқда

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Канадага ташрифи чоғида Оттава билан стратегик ҳамкорликни кучайтириш ва Германияда ишлаб чиқарилган сувости кемаларини етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: AP

Писториус Оттавада бўлиб ўтган CANSEC қуролланиш ва хавфсизлик конференциясида иштирок этди. Dpa агентлиги маълумотига кўра, Германия мудофаа вазири Канада томонини немис сувости кемаларини харид қилишга қизиқтиришга ҳаракат қилган.

Канада бош вазири Марк Карни мамлакат июнь ойи охирига қадар сувости кемаларини сотиб олиш бўйича кўп миллиардли шартнома юзасидан қарор қабул қилишини маълум қилди.

Буюртма учун Thyssenkrupp компаниясининг TKMS Canada шуъба корхонаси курашмоқда. Компания Норвегия билан 212 CD русумидаги янги сувости кемаларини қуриш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган ва ушбу лойиҳани Канадага ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Писториуснинг таъкидлашича, Германия ва Канада Шимолий Атлантика, Арктика ҳамда Узоқ Шимол ҳудудларида хавфсизликни биргаликда таъминлашни мақсад қилган.

Унинг сўзларига кўра, 12 та сувости кемасини қуриш минглаб янги иш ўринлари яратиши мумкин. Шунингдек, лойиҳа НАТО учун ҳам муҳим стратегик активга айланиши таъкидланган.

Хабарда айтилишича, Канада ҳукумати шу билан бир вақтда Швециянинг Saab GlobalEye разведка самолётларини сотиб олиш бўйича музокараларни ҳам бошлаган. Германия ҳам ушбу самолётларни харид қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Канада, Германия, Норвегия ва Дания “Денгиз хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик” ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Руслан Рамазанов
Тайёрлаган Руслан Рамазанов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид