Ўзбекистон | 18:04 / 03.11.2020
50811
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири ўзгармоқда

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Мўминович Ҳожибоев вазирликнинг янги раҳбари бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати Абдуҳаким Ҳожибоев номзоди Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига маъқуллангани ҳақида хабар берди.

«2020 йил 3 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Ҳожибоев номзодини кўриб чиқдилар.

Халқ вакиллари томонидан Абдуҳаким Ҳожибоев номзоди маъқулланди», дейилади хабарда.

Абдуҳаким Ҳожибоев 1951 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган. 1990-1999 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бош илмий ходим, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.

1999-2000 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори ўринбосари, 2000-2003 йилларда ва 2007-2016 йилларда илмий марказ бош директори бўлган.

У 2003-2007 йилларда ва 2016-2017 йилларда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. 2017 йил апрелида эса у Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозимига ўтказилган ва Баҳодир Юсупалиев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

У 2020 йилнинг июлида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади, унга коронавирусни даволаш билан боғлиқ бўлган жараёнларга масъул бўлиш вазифаси топширилди.

Энди у Алишер Шодмоновнинг ўрнини эгаллайди. Алишер Шодмонов 2017 йил февралидан буён вазирликни бошқариб келаётганди.

Ҳозирда унинг кейинги фаолияти тўғрисида маълумот йўқ.

Мавзуга оид