08:37 / 05.11.2020
8607

Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилди  

Молия ва солиқ соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш мақсад қилинган.

Президент “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилди.

Институтда кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни кредит-модуль тизими асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомиллаштириш;

кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;

бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялаш;

солиқ органлари учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

солиққа тортиш ҳамда молиявий назорат соҳаларида амалий ва фундаментал илмий тадқиқотлар олиб бориш натижасида инновацион лойиҳаларни жорий этишни кенгайтириш;

малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликларни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари (Business Intellegence) ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини (Big Data) қўллаш асосида ташкил этиш;

ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан, педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог кадрларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.

Белгилаб қўйилишича, Институт:

солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси;

молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек, иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Давлат солиқ қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Фарғона ва Тошкент солиқ коллежларини Институт ҳузуридаги Фарғона ва Тошкент солиқ техникумлари этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Тошкент шаҳар, Учтепа тумани Кичик ҳалқа йўли, 3-уйдаги бинолари Институтга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилади.

Top