11:53 / 05.11.2020
5133

Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари музокара ўтказди

2020 йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазирлар кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибини муҳокама қилдилар. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръатини сақлаб қолишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

Томонлар, шунингдек, коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларга таъсирини минималлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр алмашдилар.

ТИВ раҳбарлари икки томонлама тадбирларни давом эттириш, шу жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиясининг ва икки мамлакат чегараолди вилоятлари ҳокимлари (ваколатли вакиллари) Кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар.

Олий ва юқори даражадаги муқаддам эришилган келишувларга содиқлик тасдиқланди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди, дейилади маълумотда.

Top