20:18 / 06.11.2020
4930

Европа иттифоқи Александр Лукашенкога қарши санкциялар киритди

Европа иттифоқи кенгаши 6 ноябрда Беларусь раҳбариятига нисбатан янги санкциялар рўйхатини тасдиқлади. Янги рўйхатга кўра, санкциялар остига шахсан Беларусь президенти Александр Лукашенко ва яна 14 нафар расмий шахс тушган.

Фото: kremlin.ru

Санкциялар остига тушганлар орасида, шунингдек, Лукашенконинг маъмурияти раҳбари Игорь Сергеенко ва Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари Иван Тертель ҳам бор. Санкциялар Европа банкларида активлар музлатилиши ва Европа иттифоқи давлатларига киришни тақиқлашни кўзда тутади. 
        
Европа иттифоқи кенгаши Беларуснинг юқори лавозимдаги мансабдор шахслари, жумладан Лукашенкога нисбатан чекловлар киритиш масаласини кўриб чиқаётгани 12 октябрда маълум бўлганди.  

Европа иттифоқи раҳбариятининг бундай реакциясига Беларусдаги намойишчиларга нисбатан гармдори гази ва шовқин гранаталари қўллангани ҳамда резина ўқлар отувчи травматик қурол қўлланиши мумкинлиги билан боғлиқ таҳдидлар сабаб бўлган. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас “Лукашенко тузуми томонидан зўравонлик давом этаётганини” таъкидлаб ўтган.  

Ушбу санкциялар Европа иттифоқининг Беларусда ўтган сайловлардан кейин мамлакат раҳбариятига қарши киритаётган биринчи санкциялари эмас. Санкциялар илк бор 2 октябрда киритилганди ва уларга “Беларусдаги президент сайловларининг сохталаштирилиши ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши” асос қилиб кўрсатилганди. “Қора рўйхат”га 40га яқин расмий шахс тушган, бироқ унга Лукашенко киритилмаган эди.   

Top