14:27 / 09.11.2020
5771

«Ўзини ўзи банд қилган шахслар» тушунчаси бўйича изоҳ берилди

2020 йил июлидан бери республикада 500 мингга яқин киши ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида солиқ органларини хабардор этган.

Меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилган шахсга тенглаштирилгани билан боғлиқ масалаларга бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди. Унда сўз олган Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоилов «ўзини-ўзи банд қилган шахслар» тушунчасига тўхталди.

«Жорий йилдан бошлаб қонунчилигимизга «ўзини-ўзи банд қилган шахслар» тушунчаси киритилди. Ўзини ўзи банд қилган шахс ким? Ўзини ўзи банд қилган шахс қўлида касб-ҳунари бор бўлган, маълум бир даражада меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.

Президент қарорига кўра, 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар давлат солиқ органларини хабардор қилган ҳолда ҳисобда туриши белгиланди.

Ўтган тўрт ой давомида республикамизда 500 мингга яқин киши ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида давлат солиқ органларини хабардор этди», деди Шуҳрат Исмоилов.

У чет элда меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилиши – улар учун яратилган имконият эканини таъкидлаган.

«Жорий йилнинг сентябрь ойида хорижда меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилиши бу – улар учун яна бир қулайлик, катта бир имкониятлардан бири деб ҳисоблаймиз.

Чунки энди чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобда туришлари, улар учун белгиланган ижтимоий солиқларни тўлаш мажбурий эмас, албатта ихтиёрий асосда.

Чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобда туриши, ихтиёрий равишда ижтимоий тўловни тўлаши билан расмий ҳисобда туришлари таъминланади. Улар 2020 йилда ўзини-ўзи банд қилган шахслар учун 111 минг 500 сўм миқдорида ёки 10 АҚШ доллари миқдорида ихтиёрий равишда, ўзига меҳнат стажи керак бўлса, меҳнат стажини олишни хоҳласалар, чет элда ишлаган даврлари, меҳнат фаолиятлари учун 111 минг 500 сўм миқдорда тўловни амалга оширса, улар учун белгиланган тартибда меҳнат стажи ҳисобланиши белгилаб қўйилди», деди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи.

У чет элда ишлаётган фуқаролар қанча даромад олишидан қатъи назар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмаслигини таъкидлаб ўтди.

Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Аброр Холматов 2020 йилда ўзини-ўзи банд қилган шахс тоифасида Пенсия жамғармасига тўловларни амалга оширган шахслар статистикасини келтирди.

«Пенсия жамғармасига 9 ноябрь ҳолатига кўра, 21 мингга яқин фуқаро ўзини-ўзи банд қилган шахс тоифасида тўловларни амалга оширган. Ушбу фуқаролар келгусида иш стажига эга бўлиш учун ҳуқуқ пайдо қилган. Шулардан 104 нафари чет элда ишлаган одамлар. Бу 2020 йил учун бўлиб, жуда кам кўрсаткич.

Биз жамғарма томонидан ушбу тоифадаги фуқароларни қамраб олиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан катта ишларни амалга оширяпмиз», деди Аброр Холматов.

У фуқароларни Пенсия жамғармасига ихтиёрий тарзда ижтимоий солиқларни тўлашга чақирди ва бу борада қаерга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида айтиб ўтди.

«Биз Пенсия жамғармаси ихтиёрий тарзда ижтимоий солиқларни қабул қиламиз. Бунинг учун ҳудудий Давлат солиқ инспекциясига мурожаат этинг, тўловларни амалга оширинг ва тўлаган маблағларингиз Давлат солиқ қўмитасининг ахборотлар базасида сақланади ва ўзаро Пенсия жамғармаси ва Давлат солиқ қўмитаси базасида тўланган маблағлар тўғрисида маълумотлар параллел равишда сақланиб боради.

Келгусида пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлганида Пенсия жамғармасининг ўзи электрон тарзда Давлат солиқ қўмитаси ахборот базасидан ушбу маълумотларни олади ва сизларни овора қилмай, иш стажига ҳисоблаб берилади», деди у.

Top