Жаҳон | 08:14 / 15.11.2020
3173
2 дақиқада ўқилади

Молдовада президент сайловларининг 2-босқичи бўлиб ўтади

15 ноябрда Молдовада президент сайловларининг 2-босқичи бўлиб ўтади. Президент лавозимига 1-босқичда энг кўп овоз тўплай олган номзодлар – собиқ бош вазир Майя Санду ва амалдаги президент Игорь Додон иштирок этади.

Фото: SERGEI GAPON /AFP

Санду 1-босқичда иштирок этган сайловчиларнинг  36,16 фоизи (487 минг 635 сайловчи), Додон эса 32,61 фоизи (439 минг 866 сайловчи) овозини олган. 

Сўровномаларга кўра, иккала номзод ҳам ғалаба қозонишга бир хил имкониятга эга. Улар орасидаги фарқ 3-4 фоизни ташкил қилмоқда. Бироқ сўровномаларда хорижда бериладиган овозлар ҳисобга олинмаган. Санду 1-босқичда хорижда берилган овозларнинг 20 фоизини тўплаган ва шунинг эвазига 1-ўринни эгаллай олган.

Мамлакат бўйлаб соат 7дан 21гача 2143 та сайлов участкаси фаолият олиб боради. 

1-босқичда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган молдоваликларнинг 48,54 фоизи, яъни 1 млн 368 мингдан кўпроғи иштирок этган. Унда сайловлар бўлиб ўтган деб тан олиниши учун минимал иштирок чегараси умумий овоз берувчиларнинг учдан бир қисмини ташкил қилган. 2-босқичда эса бундай чегара йўқ.  

Сайловлар пандемия билан боғлиқ ҳолда юқори хавфсизлик чоралари остида ўтмоқда. Сайлов участкасида ҳар бир овоз берувчига ҳимоя ниқоби берилади, сайловчилар ўзлари билан ручка олиб келишлари шарт. Сайлов участкасига киришда ҳар бир сайловчининг тана ҳарорати ўлчанади. Участка ичига бир вақтда овоз бериш кабинасига тенг сонда одам киритилади. 

Сайловлар бориши ортидан 2 мингдан кўпроқ маҳаллий ва халқаро кузатувчилар назорат олиб боради. Жамоат тартибини сақлашга 6 минг полициячи жалб қилинган.

Сайловлар натижаларига кўра, иккала номзод бир хил миқдорда овоз тўпласа, унда 1-босқичда яхшироқ натижа кўрсатган номзод, яъни Майя Санду ғалаба қозонади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид