Иқтисодиёт | 17:14 / 17.11.2020
11315
2 дақиқада ўқилади

Сукук қимматли қоғозларининг афзалликлари ҳақида маълумот берилди

БМТ Тараққиёт дастури тадқиқотига кўра Ўзбекистонда аҳоли ёки тадбиркорларнинг 27 фоизи банк фоизидан қочади.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбарлари иштирокида облигациялар бозорини тартибга солишни такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда сўз олган Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунбой Маҳкамов сукук қимматли қоғозларининг афзалликлари ёки камчиликлари, бозорга ижобий ёки салбий таъсири қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида гапириб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари бўйича маълумотларни келтирди. Тадқиқот натижалари бўйича ҳисобот 25 ноябрь куни оммавий равишда ёритилади.

«Қилинган тадқиқот бўйича, Ўзбекистонда 27 фоиз аҳоли ёки тадбиркорлар банк фоизидан қочади. Демак, ё депозитга қўймайди, ё кредит олмайди. Мана шу 27 фоиз аҳоли учун биз татбиқ қилаётган инструментимиз - сукук қимматли қоғозлари жуда маъқул келиши керак.

Яна бир афзал томони сукук қимматли қоғозларининг мажбурий шарти бор – пулни жалб қилаётганингизда қаерга йўналтиришингизни албатта айтишингиз керак. Бу дегани мақсадли йўналтирилади. Қимматли қоғозларни олаётган пайтингизда, корпоратив облигацияларда бу доимий ҳолат эмас. Лекин сукукда бу мажбурий ҳолат. Пулингиз қайси шартларда, қайси ҳолатда, қайси мақсадда ишлатилишини албатта билишингиз керак.

Бунинг яна бир ижобий томони – инвестор сифатида сукук қимматли қоғозлари бўйича ўз таваккалчилик даражангизни ўлчамоқчи бўлсангиз, уни ўлчаш ва таваккалчилик даражасини камайтириш учун анча маъқул бўлади», дея Турсунбой Маҳкамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари сукукнинг камчилиги ҳақида ҳам гапирди.

«Эмитент томонидан қараганда айтишимиз мумкинки, эмитент учун ташкилий жиҳатидан сал қийинроқ инструмент. Уни чиқараётган алоҳида корхона очиш керак бўлади. Структурани қилиш учун сарфланадиган харажат ёки вақт жиҳатидан корпоратив облигацияга нисбатан минус томони бўлиши мумкин», деди Маҳкамов.

Мавзуга оид