Молия | 09:30
446
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда репо битимларини амалга оширишнинг янги тартиби жорий этилди

Ўзбекистонда қимматли қоғозлар билан репо битимларини амалга оширишнинг янги тартиби тасдиқланди. Янги қоидалар репо операцияларининг шаффофлигини ошириш, фонд бозори ликвидлигини ривожлантириш ҳамда инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Адлия вазирлиги қимматли қоғозлар билан репо битимларини амалга ошириш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 25 июн куни 3860-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Тартибга кўра, репо битимлари фонд биржалари ҳамда биржадан ташқари савдо ташкилотчиларининг электрон савдо тизимлари орқали амалга оширилади.

Репо битими қимматли қоғозларни олдиндан келишилган муддат ва нархларда қайта сотиб олиш шарти билан тузиладиган икки қисмли битим ҳисобланади. У акциялар, облигациялар ва қимматли қоғозларнинг ҳосилаларига нисбатан қўлланилади.

Янги қоидаларга мувофиқ, репо битими савдо тизимида ташаббускор томонидан буюртма бериш ва иккинчи томоннинг уни қабул қилиши орқали автоматик равишда тузилади. Битимнинг иккинчи қисми эса белгиланган муддатда электрон савдо тизими орқали автоматик тарзда ижро этилади.

Шунингдек, савдо тизими репо битимининг иккинчи қисми бажарилиши ҳақида тарафларни бир кун олдин хабардор қилади. Бундан ташқари, тизим битим бўйича пул маблағлари ва қимматли қоғозларнинг етарлилигини олдиндан текширади.

Янги тартибга мувофиқ, қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари репо битимларининг алоҳида ҳисобини юритиши шарт.

Мутахассислар фикрича, мазкур тартиб репо операцияларини амалга оширишнинг очиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, қимматли қоғозлар бозорида ликвидликни ошириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид